ЖАМИЯТ

“ГАИ” жазоловчи орган(ми?)

Термиз шаҳрида Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХБ масъул ходимлари иштирокида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимида амалга оширилаётган чора тадбирларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда 2019 йилда амалга оширилган ишлар, соҳадаги янгиликлар, шунингдек жорий йилда амалга оширилиши режалаштирилган ишлар тўғрисида мутасаддилар томонидан йиғилганларга маълумот берилди.

Таъкидланишича, барча соҳалар қатори Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими ҳам босқичма-босқич халқаро стандарт талабларига мос келадиган замонавий ускуна ва анжомлар билан таъминланмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 1 январидан тизимда хизмат фаолиятини олиб борувчи ҳар бир ходим “Hytera” компанияси томонидан ишлаб чиқилган мобил видеокамералар билар тўлиқ жиҳозланиб, хизмат фаолиятини бошлаган.

Анжуманда мазкур мобил камераларнинг вазифаси, ишлаш функциялари, ходим ва ҳайдовчи муносабатлари, шунингдек янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари тўғрисида мутахассислар томонидан тушунчалар берилди.

Ўзаро очиқ тарзда ўтказилган мазкур матбуот анжуманида йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари жазоловчи ёки ёпиқ орган эмаслиги таъкидланиб, оммавий ахборот воситалари ходимлари, ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасига оид саволларига жавоблар берилди. Билдирилган таклифлар ўрганилиши маълум қилинди.