ЖАМИЯТ

Қунт қилганнинг иши битди

—Бундан ўн беш йил илгари яхши ният билан уй қурган эдим, —дейди Жарқўрғон туманидаги “Ғурғур” маҳалласида яшовчи Э.Чориев. —Куч-қувватим борида том-тошимни созлаб олай, деб анча маблағ сарфлаб ҳам қўйдим. Шундан сўнг, бир йил ўтар-ўтмас қўни-қўшнилар орасида ҳужжатсиз қурилган уй-жойларни бузар эмиш деган гап-сўзлар пайдо бўлди. Танамнинг бир жойи узилгандай бўлди. Бошим ғувилай бошлади… Ўн тўрт йил ўз қўлим билан бунёд қилган уйимда ҳавотирда яшадим. Уй-жойимку бузилмади, лекин асабларим бузилгани рост..!

Инсонларни қийнаб келаётган бу каби муаммоларга барҳам бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 апрелда  “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Мазкур тарихий ҳужжат билан юртимизда аҳолининг уй-жой билан боғлиқ жуда кўп ижтимоий муаммолари ечим топди. Одамларнинг кўнглидаги иккиланиш йўқолди. Ўз уйида эмин-эркин яшайдиган бўлди.

—Қунт қилган одамнинг иши битди, -дея гапида давом этди  Э.Чориев. —Тўғриси, бу бир имконият, қулайлик эди. Туман давлат хизматлари маркази ходимларидан бу янгиликни эшитганимдан ариза бердим. Марказда хизмат кўрсатиш ҳам тезлашиб кетибди. Дарров ҳужжатларимни расмийлаштиришди. Тез кунларда уй-жойимнинг кадастр ҳужжатларини тайёрлаб берди.

Мазкур фармон ижроси билан боғлиқ рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, биргина Сурхондарё вилоятида бир марталик умумдавлат акция доирасида ўзбошимчалик билан қурилган  42 минг 128 та турар жойга нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилди. Демак, шунча одам уй-жойининг ҳуқуқий эгаси бўлди.

Салоҳиддин Норқобилов