ЖАМИЯТ

Ўзбекистонда иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш бўйича янги лойиҳа тақдимот қилинди

Бугун Термиз шаҳрида “Ўзбекистонда иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва мослашиш бўйича барқарор сиёсатни режалаштириш” лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди ва вилоятда иқлим ўзгариши муаммоларини ўрганиш ишлари амалга оширилди. Бу ҳақда
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълумот учун: “Ўзбекистонда иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва мослашиш бўйича барқарор сиёсатни режалаштириш” лойиҳаси Латвия ташқи ишлар вазирлигининг молиявий кўмагида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Латвия маҳаллий ва минтақавий бошқарув органлари ассоциацияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Қайд этилганидек, глобал иқлим ўзгариши замонамизнинг энг жиддий муаммоларидан бири бўлиб, барқарор ривожланиш йўлидаги жиддий тўсиққа айланиб бормоқда. Ўзбекистон иқлим ўзгариши хавфи юқори бўлган давлатлар қаторига киради. 1880 йилдан бошлаб мамлакатда ўртача йиллик ҳарорат Цельсий бўйича 1,6 даражага ошган (13,2дан 14,8 даражагача). 2030—2050 йилларда Марказий Осиё минтақасида ҳаво ҳарорати яна 1,5-3 даражага кўтарилиши мумкинлиги прогноз қилинмоқда. Ҳаво ҳароратининг энг кўп кўтарилиши Оролбўйи ҳудудида кутилмоқда, чунки Орол денгизининг қуриши туфайли ўзига хос маҳаллий иқлим ўзгаришлари ҳам содир бўлмоқда.

Кескин иқлим ўзгаришлари, сув ресурсларининг камайиши, табиий офатларнинг кўпайиши, қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигининг пасайиши каби жиддий хавфларни уйғотади, умуман, минтақамизнинг барқарор ривожланишига тўсқинлик қилади. Бундай оқибатлар, биринчи галда, аҳолининг заиф қатламларига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди. 

Маълумки, республикамиз аҳолисининг учдан бир қисми табиий гидрометеорологик офатлар (қурғоқчилик, сел, тошқинлар, қор кўчкилари, музлашлар, чанг бўронлари юз берадиган) ҳудудларда истиқомат қилади. Табиийки, бу ерларда ёғингарчиликлар кўпайса, аномал совуқ ёки аномал иссиқ ҳарорат кузатилса, вазият оғирлашиши мумкин.

Ўзбекистонда экологик хавфсизликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, иқтисодиётнинг турли тармоқларига янги, экологик тоза технологияларни жорий этишга қаратилган узоқ муддатли Стратегиялар қабул қилиниб, ҳаётга тадбиқ этилмоқда. Улар орасида 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистоннинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси, Ўзбекистон сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020—2030 йилларга мўлжалланган концепцияси, 2019−2030 йиллар даврида Ўзбекистоннинг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси, 2019 — 2028 йиллар даврида Ўзбекистонда қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегияси бор.

Бугун тақдимот қилинган қўшма лойиҳа маҳаллий давлат ҳокимияти органлари салоҳиятини кучайтириш, иқлим ўзгаришининг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари ҳақида жамоатчилик хабардорлигини ошириш ва қарорлар қабул қилиш жараёнига жамоатчиликни жалб қилиш орқали Ўзбекистонда иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва мослашиш бўйича барқарор сиёсатни режалаштиришни такомиллаштиришга қаратилган.

Лойиҳани амалга ошириш учун иккита пилот ҳудуд – Бухоро ва Сурхондарё вилоятлари танлаб олинди. Ушбу ҳудудларда иқлим хавфлари даражасини баҳолаш, маҳаллий омилларни ҳисобга олган ҳолда иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва жамиятда ижтимоий-иқтисодий хавфсизликни таъминлаш ишлари олиб борилади.

Шунингдек, лойиҳа доирасида қарор қабул қилувчи ташкилотлар фойдаланиши учун иқлим ўзгаришини комплекс бошқариш ва табиий офатлар хавфини камайтириш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқиш режалаштирилган.  

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan