ЖАМИЯТ

КОНСТИТУЦИЯ КЕЛАЖАГИМИЗ ПОЙДЕВОРИ!

Мамлакатимиздаги иқтисодий-сиёсий, ижтимоий ҳаётдаги ўзгаришлар, ислоҳатлар, бунёдкорликлар ҳамда халқимиз фаровонлиги, тинчлигининг бош ҳуқуқий асоси-Конституция ҳисобланади.

Конституцияда давлат тузилиши, давлат ва жамият қурилишининг ўзига хос жиҳатлари, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, мажбуриятлари ҳамда энг муҳим муносабатлар ҳуқуқий жиҳатдан аниқ қилиб мустаҳкамлаб қўйилади. Айнан Конституцияда давлатнинг, жамиятнинг ва бу орқали ҳар бир шахснинг манфаатларига дахлдор масалалар, жумладан қонун ва қонуности ҳужжатлари доирасида тизимли ва мақсадли ҳал қилиб борилади. Конституция уни қабул қилган давлат фуқароларининг бевосита иродасини ифодалаб, ўзида мазкур жамиятнинг тафаккурини халқнинг рухини ўзида акс эттиради.

 Мамлакатимиз ҳар жиҳатдан катта давлатга айланмоқда. Жамиятнинг ярмидан кўпини ёшлар ташкил қилади. Уларга муносиб ҳаёт шароити яратиш учун эса барқарор иқтисодиёт, хавфсиз давлат, самарали бошқарув, ижтимоий кафолатлар бўлиши лозим.

Булар ва бошқа кўпдан-кўп муаммолар ечими мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворни – Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституциясини тақозо этади.

Айнан шунинг учун ҳам юртимизда Конституциявий ислоҳотлар олиб борилиб, 6 бўлим, 27 боб ҳамда 155 моддадан иборат янги Конституция қабул қилинди.

Янги Конституция қабул қилингунига қадар мамлакатимиз Бош қомусига 16 марта ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган эди.

Янги Конституциямизни чинаккам манода ХАЛҚ КОНСТИТУЦИЯСИ деб аташ ўринлидир. Чунки, Қомусимиз қабул қилинишни арафасида муҳокамаларда олимлар, ёшлар, ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институти вакиллари, хориждаги ватандошларимиз, умуман Ватанимиз тақдирига бефарқ бўлмаган юртдошларимиз катта қизиқиш билан иштирок этиб, 220 мингдан зиёд ўз таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Авваламбор янги таҳрирдаги Конституциямиз илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартириш, яъни энг аввало инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйишни мақсад қилган.

Хусусан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади, дея эълон қилинар экан, унда инсон ҳуқуқларига оид нормалар 3 баравардан ортганлигини кўришимиз мумкин.

Янги Конституциямизда жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари инобатга олинган. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид қоидалар бир неча каррага ортган, ўз навбатида давлатнинг ҳам халқ олдидаги мажбурияти бир неча бараварга ошган.

Чунки, Конституция лойиҳасини ишлаб чиқишда “инсон манфаати ҳар нарсадан устун” деган мезон асос қилиб олинган ва ҚОМУСИМИЗ халқ ижодкорлигида яратилган.

Конституциямиз ҳар бир фуқаронинг онги ва қалбидан чуқур жой олган, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ кафолатлайдиган ҳақиқий ҳаёт қомусига айланмоғи лозим!

Азизжон Мелиқулов, Термиз туманлараро маъмурий суди девонхона мудири                                

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan