ЖАМИЯТ

Деновдаги ҳодисада 2 киши ҳалок бўлди

2019 йил 29 декабрь куни соат 18-30ларда, Сурхондарё вилояти Денов туманидан ўтган 4Р100 «Мангузар-Жарқўрғон-Бандихон-Олтинсой-Денов» автомобиль йўлининг 167-км.да уч машина иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Ҳайдовчи Олтинсой туманида яшовчи, 1993 йилда туғилган М.А. «УАЗ» русумли автомобилини бошқараётиб, шу йўналиш бўйлаб олдинда ҳаракатланиб кетаётган «Трактор»ни қувиб ўтиш учун йўлнинг қарама-қарши ҳаракат бўлагига чиқган вақтида, автомобилга ортилган юкнинг оғирлиги сабабли бошқарувни йўқотиб ағдарилган. Шу йўналиш бўйлаб қарама-қарши томондан ҳаракатланиб келаётган, ҳайдовчи Денов туманида яшаган, 1999 йилда туғилган Т.Ш. ўз бошқарувидаги «ВАЗ-2107» русумли автомобилини «УАЗ» автомобили билан тўқнашувини олдини олиш мақсадида рулни ўнга бурган вақтида, автомобиль бошқарувни йўқотиб йўл четига ағдарилган. Шунингдек, шу йўналишда харакатланиб келаётган, ҳайдовчи Узун туманида яшовчи, 2000 йилда туғилган Т.Ш. бошқарувидаги «Нексия-3» русумли автомобили «УАЗ» автомобили билан тўқнашган.

Натижада «ВАЗ-2107» автомобили ҳайдовчиси Т.Ш. ва йўловчиси Денов туманида яшаган, 1998 йилда туғилган Т.Ш.лар воқеа жойида ҳалок бўлган. Автомобилнинг бошқа йўловчилари Денов туманида яшовчи, 1990 йилда туғилган Х.Ф. ва 1997 йилда туғилган Ж.Ж.лар турли даражадаги тан жароҳатлари олиб касалхонага ётқизилган.

«Ҳурматли ҳайдовчилар, амалдаги «Йўл ҳаракати қоидалари»га асосан ҳайдовчи транспорт воситасини бошқариш вақтида, ҳаракатнинг серқатновлигини, транспорт воситаси ва юкнинг хусусияти ҳамда ҳолатини, йўл ва об-ҳаво шароитини, шунингдек ҳаракатланиш йўналишидаги кўринишни ҳисобга олган ҳолда транспорт воситаси тезлигини белгилангандан оширмасдан бошқариши керак.

Шунингдек, ҳайдовчи қувиб ўтишни бошлашдан олдин:

  • ўзи ўтмоқчи бўлган ҳаракатланиш бўлаги қувиб ўтиш учун етарлича масофада бўш эканлигига, қувиб ўтиш жараёнида ҳаракатланишга хавф туғдирмаслигига ва бошқа ҳаракат қатнашчиларига халақит бермаслигига;
  • қувиб ўтишни тугаллаётганда қувиб ўтилаётган транспорт воситасига халақит бермасдан илгари эгаллаган бўлакка қайтиб ўта олишига ишонч ҳосил қилиши шартлигини эслатиб ўтамиз», дейилади хабарда.