ЖАМИЯТ

Қумқўрғонда шифокор ногиронлиги бор фуқаролардан пул таъма қилган

Фотосуратдаги юртдошларимиз Қумқўрғон туманида, фермер хўжалигининг дала шийпонида, кўриб турганингиз, ночор аҳволдаги уй-жойда истиқомат қилишади.

Манзарини кўрибоқ, кўнглингиз бўшаши, табиий. Бу воҳадошларимиз эр-хотин касаллик туфайли ногиронлик нафақаси олишади ва меҳнатга яроқсизлиги сабаб фақат шу ҳисобдан кун кўрадилар.
Энди ўйлаб кўринг, ёрдамга улар сингари муҳтож, ночор кимсалардан таъмагирлик қилиш учун инсон қанчалар “виждонли” бўлиши керак.

Тезкор маълумотларга кўра, Департаментнинг Қумқўрғон туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда, туман кўп тармоқли марказий катталар поликлиникаси терапевт-неврологи А.К. фуқаро Т.Ш.ни 2-гурух ногиронлик нафақасига чиқариб, тиббий назорат кенгашига хулоса ёзиб бериши эвазига, ундан 1,5 млн. сўм талаб қилиб, дастлаб 600,0 минг сўмини олдиндан олиб, сўнгра 900,0 минг сўмини хизмат хонасида пора тариқасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан А.К.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Наҳот нафс учун, моддий манфаат учун шунчалар тубанликка бориш мумкин! Ушбу ҳолат, бизнингча, барчамиз учун бирдек оғриқли ва ундан ҳар ким тўғри хулоса қилмоғи лозим!