ЖАМИЯТ

“Автоҳалокат туфайли саломатлигим буткул издан чиқди, аммо МИБ айбдордан зарарни ундириб бермаяпти”

Келинг аввал гап нимада эканини тушунтириб, эшитганлар учун эса яна бир бор эслатиб ўтсак:

Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида яшовчи фуқаро мурожаати тегишли ҳал этилмаётганлиги ҳақида хорижий ОАВларидан бирига қуйида мазмунда чиқиш қиланди: “Мени маст ҳолатдаги ҳайдовчи машинада уриб қочиб кетган. Оқибатда чап қўлим ва ўнг қўлим майдаланиб синган, бош миям чайқалган. Ҳозирча 5 маротаба операция бўлганман.  Оёқ суягим чириганидан 6 см калта бўлиб қолди. Ҳозирда моддий ва маънавий зарарни ундириш иши МИБда ижро этилмай ётибди. Айбдор ҳайдовчи ўша вақтда “Қўлларингдан келганини қилинглар, мен амнистияга чиқиб бўлдим”, деб ёрдам бермаган эди. Саломатлигимни тиклашим учун менга пул жуда зарур. Зарарни ундиришга МИБ ёрдам бермаса, ким ёрдам беради?”.

Ана холос! Бир одамни уриб кетсаю, тағин ёрдам қўлини чўзмаган инсондан яна нима кутиш мумкин. Агар қонунга юзланадиган бўлсак, маст ҳолда транспорт бошқарган ҳайдовчилар транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йилу олти ойдан уч йилгача муддатга маҳрум қилиниши билан биргаликда энг кам иш ҳақининг йигирма беш баравари миқдорида жарима ҳам тўлайди.

Ушбу ҳолат юзасидан diyor24.uz таҳририятига қуйидагича жавоб келди:

“Мазкур мурожаат Бош прокуратура ҳузуридаги  Мажбурий ижро бюросининг  Сурхондарё бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди. Аниқланишича, Жиноят ишлари бўйича Қумқўрғон туман судининг 16.08.2018 йилдаги ижро варақасига асосан қарздор Бекмирзаев Аббос Ботир ўғлидан  ундирувчи Алланазаров Неъмат Ахадович фойдасига 15 млн
49 минг сўм етказилган зарарни ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати 02.11.2018 йилда бюронинг Қумқўрғон туман бўлимига келиб тушган. Шу кунниг ўзидаёқ ижрони амалга ошириш юзасидан қарор қабул қилиниб, тарафларга қарор нусхаси юборилди. Белгиланган суммани ундириш мақсадида қарздор А.Бекмирзаевнинг мол-мулкларини аниклаш учун тегишли ташкилотларга сўровнома юборилган.

Афсуски, 17.08.2019 йилда қарздор А.Бекмирзаевнинг уйи ва ёрдамчи хўжаликлари маҳалла фаоллари ва холислар иштирокида кўздан кечирилганда қарздорнинг яшаш манзилида ҳам  ундирувга қаратиш мумкин бўлган мол-мулки йўқлиги маълум бўлди.

Маълумот учун айтиб ўтиш жоизки, қарздор А.Бекмирзаев жорий йилнинг 12 январ куни 1 млн сўм, 2 феврал куни 400 минг сўм,  25 март куни 500 минг сўм, 6 май куни 250 минг сўм, 10 июнь куни 250 минг сўм ва
2 июлда 250 минг сўмни жабрланувчи Н.Алланазаровга тилхат асосида топширган. Қолган зарарни қоплатиш мақсадида А.Бекмирзаев Қумқўрғон тумани “Ниёзов Абулқосим” хусусий корхонасига ишчи қилиб жойлаштирган. Эндиликда ундирув 04.03.2019 йилдаги талабнома асосида қарздорнинг иш ҳақисига қаратилган. Мазкур ижро ҳужжат МИБнинг Қумқўрғон туман бўлими томонидан назоратга олинган ва ижро ҳаракатлари давом этмоқда”.