ЖАМИЯТ

Сурхондарёда «Ёшлар ойлиги» қандай ўтади?

Бугун Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Сурхондарё вилояти кенгаши ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси ҳамкорлигида “Ёшлар ойлиги” мавзусида журналистлар ва блогерлар иштирокидаги матбуот анжумани бўлиб ўтди.

 

Анжуманда Ўзбекистон  ёшлар иттифоқи Сурхондарё вилояти Кенгаши томонидан амалга оширилган ишлар ва “Ёшлар ойлиги” доирасида вилоятимиз ёшлари ўртасида ташкил этиладиган лойиҳа, танловлар ҳақидаги саволларга жавоб берилди.

Ойлик давомида 1-7 июнь кунлари “Онлайн семинар ва вебинарлар” ҳафталиги доирасида ёшларнинг турли хоҳиш ва қизиқишларидан келиб чиқиб, тажрибали мутахассислар томонидан онлайн дарслар ташкил этиш режалаштирилган.

8-13 июнь кунлари бешта муҳим ташаббус доирасида вилоятимиздан чиққан санъаткорлар, хонандалар (М. Намозов, Ҳ.Раҳимова, Л.Аҳмедова ва бошқалар), спорт усталари (Б.Жалолов, Ш.Лутфуллаев, А.Тангриев, Э.Шомуродов ва бошқалар), таниқли ижодкорлар (У.Азим, Э.Шукур, С.Саййид ва бошқалар) иштирокида онлайн учрашувлар ташкил этилади.

“Ёшлар муаммоларини ҳал этиш ва ёшларни моддий қўллаб-қувватлаш” ҳафталиги (15-20 июнь кунлари) доирасида банд бўлмаган ёшларни бандлигини таъминлаш мақсадида “Онлайн меҳнат ярмаркалари” ни ташкил этиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Саҳоват ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини ташкил этиш, “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури асосида имтиёзли кредит олиб, бугунги кунда ўз тадбиркорлигини бошлаётган ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳасини амалга ошириш ҳамда фрелансерлик фаолиятини ривожлантириш мақсадида “Вертуал касб” туркум кўрсатувларини ташкил этиш белгиланган.

“Раҳбар ва ёшлар”, “Халқаро ёшлар” учрашувларини ташкил этиш ҳафталиги доирасида эса “Ҳоким ва ёшлар” учрашувларини ташкил этиш ҳамда қўшни давлат ёшлари (Тожикистон, Афғонистон) форумини ташкил этиш кўзда тутилган.

Айтиш жоизки, “Ёшлар ойлиги” доирасида амалга ошириладиган лойиҳалар тўлиқ карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда амалга оширилади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan