САЛОМАТЛИК

Қозоғистонга жўнатилган Ўзбекистон помидорларида хавфли вирус аниқлангани рад этилди

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати Telegram`даги бир неча каналларда Қозоғистоннинг «24KZ» телеканали лавҳасига асосланиб, Ўзбекистон помидорларида хавфли вирус аниқлангани айтилган хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

Тарқалган хабарларда Туркистон вилоятида импорт қилинган 43 тонна зарарланган помидор аниқлангани, улар Ўзбекистон ва Эрондан олиб келингани айтилган. Помидор келган жойига қайтариб юборилгани қайд этилган.

Ўзбекистон Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг дастлабки тезкор суриштирув ва ўрганишлар натижаларига кўра, Қозоғистон Ўзбекистондан импорт бўлган помидор маҳсулотларида помидор жигарранг вируси (tomato brown rugose fruit virus) ва бошқа карантин касалликлар аниқлангани юзасидан маҳсулотларни орқага қайтариш ҳолати кузатилмаган ва эътирознома (нотификация) жўнатмаган.

Шунингдек, икки мамлакат карантин хизматлари тезкор равишда музокара олиб борган. Хусусан, Қозоғистон Фитосанитария хизмати Туркистон вилояти ҳудудий инспекцияси раҳбари Ибрагим Бегасилов помидор жигарранг вируси аниқланиш ҳолати юзасидан импорт бўлган 43 тонна помидор маҳсулотида, айнан, Ўзбекистондан юкланган помидор маҳсулотида хавфли вирус қайд этилмаганини телефон мулоқотида тасдиқлаган.

Агентлик маълумотларига кўра, помидор экспорти бўйича 2023 йил ўтган давр мобайнида импортчи давлатларнинг фитосанитария талабларига мувофиқ жами 24 147 тонна (шундан 14 424 Қозоғистонга) помидор маҳсулотига халқаро фитосанитария сертификати берилган. Импортчи давлатларнинг карантин хизмати томонидан номувофиқлик ҳолатлари аниқлангани юзасидан эътироз ҳолати қайд этилмаган.

«Жаҳон бозорига хавфсиз, текширилган ва турли касалликлардан ҳоли маҳсулотларни чиқариш, халқаро қишлоқ хўжалиги майдонида Ўзбекистон бренди нуфузини мустаҳкамлаш мақсадида ҳар бир қишлоқ хўжалиги маҳсулоти партиясидан намуналар олиниб, Марказий фитосанитария лабораториясида экспертизадан ўтказилади», — дейилади вазирлик хабарда.

Шундан сўнг, лабораториянинг хулосасига кўра экспорт ва импорт жараёнлари амалга оширилади. Жумладан, помидор жигарранг вирусини аниқлаш учун ҳам намуналар 8 соат давомида махсус полимераза занжир реакцияси (ПЦР) тестидан ўтказилади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan