Uncategorized

Бош ассамблея Президентимиз ташаббусини бир овоздан маъқуллади

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йил 23 сентябр куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 75-сессиясида нутқ сўзлаган эди.

Мазкур нутқда бир қатор амалий таклифлар ҳамда ташаббуслар давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган эди. Жумладан, пандемия даврида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, ёшлар сиёсати, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик, Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш масалалари, глобал иқлим ўзгариши ва Орол муаммоси, қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашиш каби ўткир муаммолар келтирилганди.

Эътиборлиси, ушбу илгари сурилган таклифлар БМТ томонидан эътироф этилмоқда.

Куни кеча, аниқроғи 14 декабрь куни БМТ Бош ассамблеяси ўзининг 77-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 75-сессияда билдирган яна бир ташаббусини, яъни “Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюцияни қабул қилиш таклифини бир овоздан маъқуллади.

Алоҳида қайд этиш керак, Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ томонидан қабул қилинган бу резолюция олтинчиси ҳисобланади.

Таъкидландики, Резолюцияда COVID-19 пандемиясидан кейинги даврда ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмасликни таъминлаган ҳолда кенг кўламли, барқарор ва изчил тикланишни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳамжиҳатлик, бирдамлик ва ҳар томонлама ҳамкорликка содиқликни мустаҳкамлашда парламентларнинг муҳим ўрни қайд этилади.

2030 йилга қадар бўлган даврдаги Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни муваффақиятли амалга оширилишида Бош ассамблея давлатларни парламентларни қўллаб-қувватлашга, қашшоқликнинг барча кўриниш ва ўлчовларини барҳам топтиришда муваффаққият барча даражаларда қулай муҳит яратишга боғлиқлиги эътироф этилган.

Шунингдек, ўзаро ўрганиш ва илғор тажриба алмашишни кучайтириш, парламент аъзолари ўртасида билим алмашиш ва хабардорликни ошириш ҳамда 2030 йилга мўлжалланган кун тартибини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш учун жадаллик яратиш мақсадида парламентлараро, шу жумладан Парламентлараро иттифоқ доирасидаги ҳамкорликни кенгайтириш тавсия этилган.

Яна бир жиҳат, дунёнинг барча қитъаларидаги 80 та давлат, шу жумладан Марказий Осиё мамлакатлари, Германия, Испания, Италия, Франция, Россия, Финляндия, Миср, ХХР, Сингапур, Япония, Корея Республикаси ва бошқалар ҳужжатнинг ҳаммуаллифлари бўлди.

Қолаверса, БМТ тузилмалари ва бошқа халқаро ташкилотлар резолюцияни олқишлаш билан бирга, мазкур ҳужжат парламентлар учун ўзига хос дастуриламал бўлиши, Барқарор ривожланиш мақсадларини жадал амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларини фаоллаштириши қайд этилди.

Шу ўринда айтиб ўтишимиз зарур, БРМдан келиб чиққан ҳолда ҳукуматимиз томонидан 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар белгилаб олинган. Ҳуқуқий ҳужжатларга асосан, ушбу миллий мақсад ва вазифаларга эришилишини таъминлаш мақсадида тегишлилиги бўйича вазирлик ва идоралар масъуллиги белгиланган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ҳар йили масъул вазирлик ва идора раҳбарларининг 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг бажарилиши борасида амалга оширилаётган ишлари бўйича ахбороти қўмиталари томонидан эшитиб борилади. Бунда амалга оширилган ишлар таҳлил қилинади, йўл қўйилган камчиликлар, фойдаланилмаган имкониятлар белгиланиб, халқ вакиллари томонидан зарур тавсиялар бериб борилади. Қарорлар қабул қилиниб ҳукуматга тақдим этилади.

Умуман олганда, бу борада Қонунчилик палатасида таъсирчан парламент назорати амалиёти шаклланган.

Парламентлараро иттифоқ ҳам ушбу Резолюцияга ўзининг  муносабатини билдирар экан 2023 йил сентябрь ойида БМТ Бош ассамблеяси 78-сессиясининг Олий даражадаги ҳафтаси доирасида бўлиб ўтадиган Барқарор ривожланиш мақсадлари саммитига тайёргарлик йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳолади.

Фирдавс ШАРИПОВ,Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan