ЖАМИЯТ

“Халқ билан мулоқот” тўхтатилдими?

Шу кунга қадар ҳар ҳафтанинг якшанба ва пайшанба кунлари Сурхондарё телеканали орқали тўғридан-тўғри эфирда “Халқ билан мулоқот” кўрсатуви намойиш этиб келинаётганди. Вилоятдаги энг йирик ОАВ Сурхондарё вилоят телерадиокомпанияси ижодкорлари томонидан тайёрланаётган ушбу кўрсатувда секторлар раҳбарлари, бошқарма бошлиқлари аҳоли томонидан берилган саволларга, телеканал томонидан тақдим этиладиган танқидий материалларга жавоб беришади. Кўпчилик мухлислар томонидан айни пайтда кўрсатув эфирга узатилмаётганига қизиқиш билдирилмоқда. “Diyor24” бу масалада Сурхондарё телерадиокомпанияси директори Баҳриддин Хуррамович Мингбоевдан изоҳ сўради. Б.Мингбоев ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилди:

– Ҳақиқатда ҳам “Халқ билан мулоқот” кўрсатуви вилоятимиз доирасида аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни мутасадди раҳбарларга, ижро органларига етказиш ва бу орқали уларнинг ечимига эришиш бўйича 3 йилдан буён иш олиб бормоқда. Агар телевидение соҳаси таҳлилларига таяниб айтадиган бўлсак, бирон-бир лойиҳанинг 3 йилдан ортиқ вақт мобайнида фаолият юритиши, мухлислар эътиборидан қолмаслиги юқори кўрсатгич. Кўрсатувимизнинг бундай натижага эришишига ижодкорларимиз билан биргаликда маълум маънода унинг иштирокчилари ҳам ўз ҳиссаларини қўшяпдилар. Яъни биз намойиш этган муаммолар, телетомошабинлар томонидан йўлланган саволлар бўйича шаҳар ва туманларда амалий ишлар бажариляпти. Вилоят ҳокимлиги томонидан кўрсатувга мурожаатларнинг ижроси таҳлил ва муҳокамадан ўтказиб бориляпти.

Ҳозирги пайтда ҳақиқатдан ҳам “Халқ билан мулоқот” вақтинча тўхтатилди. Биз сайловлар ва янги йил байрамидан сўнг намойишларни давом эттиришни режага киритганмиз. Бунинг учун Сурхондарё вилояти ҳокимлиги билан янги йил байрамидан кейинги кўрсатувларнинг эфирга чиқиш жадвали, иштирокчилари рўйхати тузилмоқда. Йил якунига қадар 2019 йил мобайнида  “Халқ билан мулоқот” кўрсатуви таҳририятига телефон рақами, телеграм мессенжери орқали келиб тушган мурожаатлар, мутасадди раҳбарлар эътиборига ҳавола этилган лавҳалар юзасидан бажарилган ишлар ҳақида жамланган статистик маълумотларни эълон қиламиз.

Ва албатта мазкур таҳлиллар ижро органларига ҳам кўриб чиқиш учун берилади.