ЖАМИЯТ

Ёшлар бандлиги: Насиядан кўра нақди яхши

Тадбиркор деганда ҳар биримизнинг кўз ўнгимизда ҳаракатчан, жамият эҳтиёжларини тез илғаб ўз фаолиятини шу талабларни қондиришга йўналтирадиган одам гавдаланади. Чиндан ҳам йўқдан бор қилиш, кичикни катталаштириш, доим янгилик яратиш хусусиятига эга бўлган киши тадбиркор бўлади.

Ангор тумани «Юқори Таллимарон» маҳалласида яшовчи Алиакбар 19 ёшда.  Аммо ҳаёт ташвишлари уни ёш бўлишига қарамасдан зиммасига кўплаб масъулият юклаган. Оиласига ёрдам бериш, моддий аҳволини янада яхшилаш учун Алиакбар хорижда ҳам ишлаб келган. Ҳукуматимиз томонидан ёшларга бизнес юритиш шарт-шароитларини янада яхшилаш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида юрган ёшларни зарур молиявий ва инфратузилмавий ресурслар билан таъминлаш, уларнинг бизнес ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашишга катта эътибор қаратиляпти. Бу эса қаҳрамонимизда шижоат, куч-ғайратни уйғотди. У томорқасида иссиқхона ташкил қилиш мақсадида мутассадиларга мурожат қилди.

  • Бошида маҳалламиздаги ёшлар етакчиси ўзимизга тегишли бўлган 5 сотих ерда лидер тадбиркор орқали иссиқхона қуриш таклифини берди, – дейди Алиакбар Жовлиев, – Яна уч йил давомида иссиқхонада экинларнинг уруғлари-ю, ерга ишлатиладиган дори-ўғитларини ҳам бепул таъминлашар экан. Бу давр мобайнида эса, қилинган меҳнат эвазига ҳар ойда 2 млн, 2 млн 500 минг сўмдан менга ойлик иш ҳақи тўлаб беришмоқда. Яхшику, ҳам деҳқончилик сир-асрорларини мукаммал ўрганаман, ойлигим таъминланган, камига уч йилдан сўнг иссиқхона менга текинга қоладиган бўлди.

Алиакбар деҳқончиликдан ташқари чорвачилик ва паррандачилик билан шуғулланади.

  • Унинг шижоатини кўриб биз ҳам унга ёрдамлашамиз ва бу иш бизнинг севимли машғулотимизга айланди,- дейди Алиакбарнинг отаси Бахтиёр Жумаев.- Бодринг иссиқсевар ўсимлик. Иссиқхоналарда бодринг учун мақбул ҳарорат кундузи 20-24 даража, кечқурун 18-20 даража ҳисобланади. Ўсимликнинг нормал ўсиб ривожланиши учун ҳарорат 12-15 даража бўлиши керак. Мана ҳозирги бодрингларимизнинг бир тупидан 12-13 кг ҳосил оламиз. Ўғлим Алиакбарнинг иссиқхона орқали даромад қилиш, иш билан ўзини-ўзи банд қилиши менга маъқул бўлди, албатта. Сабаби чет элларда сарсон бўлиб ишлагандан кўра, ўз юртимизда деҳқончилик билан шуғуллангани, шунинг орқасидан тадбиркорлигини йўлга қўйиши, даромад олиши маъқул. Насиядан кўра нақди яхшироқ эканини англаб етяпмиз.

Бугунги кунда “Юқори Таллимарон” маҳалласида 16-30 ёшгача 1262 нафар ёш истиқомат қилса, уларнинг 35 нафари “Ёшлар дафтари”га киритилган. Ёшлар етакчисининг ташаббуси билан шу кунга қадар уларнинг 25 нафари дафтардан чиқарилди.

Ёшлар етакчиси Рустам Бозоров бу тадбирлар хусусида шундай деди:

– Бугунги кунга қадар дастурнинг 18 та банди тўлиқ бажарилди. Жумладан, маҳалладаги 8 та кўчада истиқомат қилувчи ёшлар ўртасида 5 та кўрик-танлов ва лойиҳалар, 10 та спорт мусобақаси ўтказилди. Икки нафар ёшнинг йиллик контракт тўлов-шартнома пулининг 50 фоиз миқдорида амалий ёрдам, 2 нафар ёшга сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ўташ учун пул бадали тўлаб берилди. Икки нафар ёшга субсидия асосида пайвандлаш ускунаси, уч нафар ёшга тикув машинаси олиб берилди. Бундан ташқари, “Ёшлар дафтари”га киритилган 24 нафар ёшларга аукцион орқали 10 йилга деҳқончилик қилиш учун 15 сотихдан ер ажратилиб берилди. Шунингдек, ёшларнинг 9 нафарига 3-5 сотихли иссиқхоналар қуриб берилди. Хуллас, маҳалламизда бирорта ёш эътибордан четда эмас. Уларнинг оилавий шароити мунтазам равишда ўрганилиб, тегишли тартибда ёрдам кўрсатилмоқда.

Юқори Таллимарон маҳалласида 586 та хонадон, 862 та оила бўлиб, 3358 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллада бугунги кунда якка тартибдаги тадбиркорлар 4, фаолиятини тиклаган субъектлар 4 та, 2 та янги шаклланган микролойиҳалар ҳам ташкиллаштирилди ва тадбиркорлар рўйхатидан ўтказилди.

Йил бошидан ҳозирги кунга қадар маҳалладаги жами бандлиги таъминланган фуқаролар 229 нафарни ташкил қилади.

– Дастлаб иссиқхоналар қурилгач, маҳалладаги ёшларни томорқа маданиятига ўргатиш жараёнида дангасалик кайфиятига берилган, боқиманда хонадон эгалари билан ҳам алоҳида ишлашга тўғри келди, – дейди МФЙ раиси Давлат Хўжаяров. – Уларни бу кайфиятдан чиқариш ҳамда иссиқхона харажатларини қисман қоплаш мақсадида меҳнат нисбатан кам талаб қиладиган экинларни экишга алоҳида эътибор берилди. Бу иссиқхоналар асосан “Ёшлар дафтари” рўйхатига киритилган маҳалладошларимиз хонадонларида қурилди. Иссиқхоналар учун агроном жалб этилиб, ёшларга экинларни парваришлаш ҳам ўргатилмоқда.

Шуни айтиш жоизки, “Юқори Таллимарон”да Алиакбардан ташқари яна кўплаб тадбиркор ёшлар бор экан. Жумладан, катта лимонзор ташкил қилган ва пенаблок қурилиш материалини ишлаб чиқаришини йўлга қўйган ёш тадбиркорлар  фаолияти билан ҳам танишдик. Бу хусусда тайёрланган қизиқарли лавҳани эса “Diyor24.uz” саҳифаларида кейинроқ чоп этамиз.

Албатта, бугунги кунда давлатимиз томонидан қўйилаётган асосий талаб аҳоли бандлигини таъминлаган ҳолда даромадини ошириш, уларнинг яшаш тарзини ўзгартиришдир. “Юқори Таллимарон” маҳалласида тадбиркорлигини йўлга қўймоқчи бўлган ёшларга берилаётган эътибордан эса ҳар қанча ўрнак олишса арзийди. Зеро, тадбиркорлик ривожланса, камбағаллик қисқаради, одамлар даромад манбаига эга бўлишади.

Мазкур мақола Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди грант маблағи асосида «Нигоҳ» лойиҳаси доирасида тайёрланди

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan