Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган қонун (ЎРҚ-899-сон, 19.01.2024 й.) билан бир қатор кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчага кўра, қуйидагиларга нисбатан жавобгарлик белгиланган.
Мобил қурилманинг халқаро ўзига хос идентификация кодини қонуний ишлаб чиқарувчининг рухсатисиз ўзгартириш, худди шунингдек, ушбу мақсадда махсус дастурларни ишлаб чиқиш, тарқатиш ёки улардан фойдаланиш БҲМнинг 15 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Бунда ҳуқуқбузарлик содир этиш қуроли мусодара қилинади.
Абонент қурилмасининг идентификациялаш модулини қонуний ишлаб чиқарувчининг ёки унинг қонуний эгасининг рухсатисиз ўзгартириш ёки унинг нусхасини яратиш ҳуқуқбузарлик содир этиш қуролини мусодара қилиб, БҲМнинг 20 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Крипто-активларни қонунга хилоф равишда олиш, ўтказиш ёки айирбошлаш, лицензия олмасдан крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини амалга ошириш 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга ёки маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Б.Шарипов, Термиз шаҳар адлия бўлими ЙХКМ бош юрисконсульти