ЎЗБЕКИСТОН ХАБАРЛАР

“Жўраевлардан менга ҳеч нарса керак эмас”. Ботир Қодиров оталикни белгилаш масаласини нега айнан ҳозир кўтаргани ҳақида гапирди

Хонанда Ботир Қодиров оталикни белгилаш масаласини айнан ҳозир кўтарганига нима сабаб бўлгани ҳақида сўзлаб берди.

— Шоҳжаҳоннинг Instagram саҳифасидаги мурожаатидан кейин Асакага— отамнинг уйига йўл олдим ва амаким билан кўришиб, битта видеоматериал тайёрлаганман. Биз ушбу видеони судга тақдим этганмиз. Амакимнинг менинг болалигим ҳақидаги хотиралари ҳамда отамнинг ўғли эканлигимни тасдиқловчи далилларни судга тақдим этганмиз. Кейин амаким билан Тошкентга қайтиб, ДНК текширувини ўтказдик. 94 фоиз амакимнинг жияни бўлиб чиқдим. Буни биз ўзаро ҳал қилиб, укаларимга мурожаат қилгандим. “Келинглар, ўзаро келишиб олайлик, буни оммага чиқармайлик. Сизлар мендан нима хоҳлаяпсизлар?”, — дегандим.

“Мен сизларга тегмадим. Менинг отам ўлди, келмасин, дединглар келмадим”. Жанозага ҳам киритишмади. Кўкча масжидида кепка ва кўзойнак тақиб, охирги сафларда жанозани ўқидим. Мен фарзандлик бурчимни адо этдим. Бу менинг хоҳиш истагим бўлди, ҳеч ким билмаса-да, мен бориб иштирок этдим. Жим юргандим. Булар онамнинг шаънини топтайдиган гаплар ёзганидан кейин чидаб тура олмадим. Бирон жойда отамнинг қўшиғини айтсам, уйимга муаллифлик ҳуқуқини бузганлигим ҳақида хат келади. Сизларнинг қанча ҳаққингиз бўлса, менинг ҳам шунча ҳаққим бор. Нима талашяпмиз? Келинглар, гаплашиб олайлик, дедим. Нега онамнинг шаънига тегадиган гаплар ёзяпсиз, бу гапларни тўхтатинг, дедим. Лекин улар қулоқ солишмади. Шундан сўнг мен судга мурожаат қилишга мажбур бўлдим, оталик факторини белгилаш мақсадида.  

Шунингдек, хонанда Жўраевлардан унга ҳеч нарса керак эмаслиги ҳақида ҳам айтиб ўтди.

— Кўпчилик мени мерос талашяпти деб ўйлаяпти. Лекин ундай эмас. Мен укаларимга хоҳласа нотариал тарзда улардан менга ҳеч нарса керакмаслигини ёзиб беришимни айтдим. Фақатгина видеони ёқиб, “Бу инсон бизни акамиз, унинг онаси шаънига нотўғри гаплар гапирибмиз”, деб беришларини сўрадим. Улар буни хоҳламади. Шундан кейин Ўзбекистон фуқароси сифатида судга мурожаат қилишга мажбур бўлдим. Менинг ҳамма нарсам бор, ўзимга етарли. Улардан ҳеч нарса керак эмас. Суд уч ойдан бери давом этяпти, лекин мен бу нарсани очиқламагандим. Бу нарсани оммага чиқариш кимга керак бўлганини билмайман. Менга концертимдан олдин бу бошоғриқлар керак эмасди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan