ЖАМИЯТ

Сурхондарё вилоят илмий-тажриба станциясида ходимлар иш ҳақини беришмаган

Карантин даврида ходимларни молиявий, моддий қўллаб-қувватлаш ҳар бир ташкилот раҳбарияти учун энг муҳим вазифа бўлиши лозим. Аммо, пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий тадқиқот  институтининг Сурхондарё вилоят илмий-тажриба станциясида бунинг акси экан. Сайёр қабулда Термиз тумани адлия бўлимига станция лаборанти вазифасида ишлаб келаётган М.Джураева 2019 йил декабрь, 2020 йил январь, февраль ва март ойлари учун ойлик иш хақларини, лаборантлар У. Аннаев, Н.Бекмуратова, Ш.Чориева ва Г.Рўзиевалар 2020 йил март ва апрель ойи учун ойлик иш хақлари тўлаб берилмаганлигини ва февраль ойи учун ойлик иш хақларидан ушлаб қолинган солиқ ва электр энергияси учун ва бошқа ушланмаларнинг тўлов квитанциялари тақдим этилмаганлигини маълум қиладилар. Шу асосда адлия органи томонидан ўрганиш олиб борилди ва мурожаатчиларнинг ҳақлиги тасдиқланди. Текширувлар натижасига кўра, лаборант вазифасида ишлаб келаётган М.Джураеванинг жами 4 млн. 052 минг 12 сўм миқдоридаги ойлик маошлари, лаборантлар К.Аннаев, У. Аннаев, Н.Бекмуратова, Ш.Чориева ва Г.Рўзиеваларнинг жами 9 млн. 170 минг 092 сўм миқдоридаги ойлик иш хақлари тўлиқ ундириб берилди.

Бундан ташқари, станциянинг бош ҳисобчиси томонидан солиқ ҳамда сарфланган электр энергияси тўлови учун иш ҳақидан ушлаб қолинганлигини тасдиқловчи квитанциялар  ходимларга тўлиқ етказиб берилишига эришилди. Адлия бўлими  станция раҳбарларининг жавобгарлик масаласи ҳам ҳал этди.

Ҳа, пандемия ўзига яраша синов – инсон бу пайтда юксак ирода намойиш эта олиши ва афсуски, баъзан ожизлигини ҳам кўрсатиши мумкин. Ҳарқалай, ўз ходимларини карантин вазиятида қўллаб-қувватлаш ўрнига сарсону саргардон қилиб қўйган Сурхондарё вилоят илмий-тажриба станцияси раҳбариятининг хатти ҳаракатларига биз “беш кетмадик” балки “ҳайф” дегимиз келди. Сизнингчи, муносабатингиз қандай …?

 Термиз тумани адлия бўлими бошлиғи Баҳодир Ашуров,

Диёр24.уз таҳририяти

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan