АДАБИЁТ

Алоис Альцгеймер

Нейропатологиянинг отаси. Инсоннинг мия фаолияти сўниши, яъни ўз исми билан аталадиган касалликни кашф қилган, ўрганган олим. Мен унинг исмини сўнгги йилларда тез-тез тилга оламан. Бу сўз менга анча яқин бўлиб қолган. Альцгеймер эллик бир ёшида ўлган. Юраги сабабли. Эҳтимол, кўпроқ яшаганида бу ҳасталикка даво топган бўларди, мен ҳам ҳозиргидек чорасизлик гирдобига тушиб қолмасдим…

Йўқ, мен касал эмасман. Касал бўлганимда касал эканимни билмаган ҳам бўлардим. Альцгеймерга дучор бўлганлар менга ўхшаб қалам олиб ўз тарихини ёзармиди? Йўқ, ёзмайди. Кечинмалариними? Билмадим. Улар нимани ҳис қиларкин ўзи? Ахир улар ҳеч нимани эслолмайди, нимани қораласин? Бугун тонгда нонуштага нима еганиними? Йўқ, йўқ, сираям ёдига келмаган бўларди. Альцгеймер сўзини илк марта дадамни яхшилаб текширган шифокордан эшитдим. У буни анча-мунча изоҳлаб берди. Ҳа, ҳа, тўппа тўғри. У рост гапирарди. Анчадан бери дадамнинг кўзойганини ўзим топиб бераётгандим. У ҳар куни китоб жавонининг шундоқ юзасида турар, негадир дадам уни тополмасди. Кейин… кейин дадам ишхонасини адаштириб қўйди. Етти йил аввал бўшаб кетган иш жойига бориб ўрнини биров эгаллаб олганини айтиб хуноби ошди. Ҳозирги ишхонаси ҳақда гапирсам, эслай олмади… Мен ҳайрон бўлиб қолавердим. Паришонхотирлик. Эсарлик. Онам қарилик аломатлари сезилаётган дадамга ёнғоқ едира бошлади. Ва яна кўплаб шундай ҳолатлар бўлдики, биз дадамдан жиддий ҳавотир ола бошладик. Ишдан бўшатиб, уйда парваришладик. Асаблари чарчаган, яхшилаб дам олсин, ўтиб кетади, деб санаторияга жойлаштирдик. Бир куни кўргани борсам, дадам йўқ. Қидиришга тушдик. Излай-излай қишлоқдан топдик. Амакимнинг ўғли ўзи хабар қилди. Дадам ота уйига келиб жойлашиб олибди. Уйнинг ҳозирги эгалари – амакимнинг ўғлини танимай, тўполон ҳам қилибди. Марҳум ота-онасини сўроқлабди… Мен дадамни алдаб-сулдаб олиб кетдим. Келдиму энг яхши неврологга кўрсатдим. Изланишлар, текширувлар, тажрибалар… сўнг мен Альцгеймер билан танишдим. Ўшандан бери у биз билан бирга. Менинг бу касаллик ҳақда ўқимаган манбам қолмади, бормаган шифокорим қолмади, ўтинмаган илтижоларим қолмади. Лекин бирор чора тополмадим. Дадамни уйда парваришлашга қарор қилдик. Зотан, бу ҳасталар учун энг мақбул ер шифохона бўлсада. Аммо ишга кетганимда, онамнинг бир ўзи қийналишини билардим. Начора, оиламизда фақат уч киши. Мен аллақачон кўнгил қўйган инсоним билан турмуш қуришга аҳдлашган бўлсамда, аммо биз ҳозир совчи кутишга тайёр эмасдик. Умуман олганда, оиламни бу ҳолда ташлаб, турмушга чиқиш – ақлсизлик эди мен учун. Суйганимга буларни айтганимда, бари тугади. Онаси дадамни жиннилар қаторига қўшганидан сўнг мен ҳаммасига нуқта қўйдим. Шундай пайтда дадамнинг ўғли йўқлиги менга ҳам сезилади. Онам ҳам ҳар куни ух тортиб ухлолмайди. Дадам эса ўғли йўқ-борлигини билмайди ҳам. У бир куни мени ҳам танимади. Қизингизман, десам, онамга боқди. Онам тасдиқ ишорасини қилгач, ишонди, шекилли. Лекин нигоҳлари бегона эди…

−Мен бир оз сайр қилиб келаман, -дадам бир куни кўчага отланиб қолди. Шерик бўлишимизга унамади. Ночор қўйиб юбордик. Кўнглим бўлмай яширинча ортларидан эргашдим. Дадам хиёбонда сайр қилди. Сўнг ортга қайтди. Уйимизни тополмай анча қийналди… Қўлларидан тутиб олиб кетдим. Бу воқеаларга ҳам анча бўлди. Ҳозир дадам махсус касалхонада яшайди. Мен эса уйда. Ҳар куни ишдан чиқиб кўргани бораман. Бир йилки, мени танимайди. Дадам нотанишлар билан суҳбатлашиб кетаверади. Ҳар куни бир хил мавзуда.

−Бугун рафиқам кўргани келди. Сен уни танимайсан, -жилмаяди у. -Яна мен яхши кўрган майизли пирог олиб келибди. Чой ичиб танаввул қилдик. Эртага яна келаман, деб кетди.

Мен сумкамдан майизли пирог чиқараман.

−Татиб кўринг, меники ҳам мазали чиққандир…

−Йўқ, овора бўлма. Яхшиси, болаларингга оборақол.

Болаларим бўлганида жон деб олиб борардим. Кўп бора дадамга ўзимни танитдим, эслашларига умид қилдим, охири индамай қўйдим. Муҳими, дадам ўзини яхши ҳис қиляпти. Ночор руҳда уйга қайтдим: хувиллаган хоналар ютаман дейди. Китоб жавонимдаги қадрли китобларим ҳамроҳ. Бирини олиб ўқийман, ҳаётдан узоқлашаман. Хаёллар оламида бир дам яшаб, куч оламан. Баъзан Анна Каренина билан, баъзан Онегин билан ёлғиз қолгим келади. Аммо… аммо Альцгеймер ёнимдан жилмайди, у ўзгаларни ёнимга йўлатмайди. Мен уни деб севган инсонларимдан айрилдим. У мендан қувончларни тортиб олди. У мени ёлғизлик ўлкасининг тутқини қилди. Тонгда ишга кетаман. Ёзув-чизувлардан сўнг, яна дадамнинг ёнига. Бу гал дадам онам олиб келган мазали таомни мақтайди. Менинг егуликларимни олгиси келмайди. Қизиқ, дадам онамни сира унутмайди. Ҳатто бир марта бундан ўттиз йил аввал қандай танишиб қолганликларини ҳам сўзлаб берди. Кўзлари намланди… Йиғлаб юбормаслик учун бўғзимдаги аччиқ “тош”ни ютдим, ютдим, ютдим… Юрагим яна бир тош билан тўлди.

Онам. Бизни тарк этганига икки йилдан ошди. Бу ҳақда дадамга сира эслатмадим.  Эсласам, юрагимдаги тошлар бир бирига урилиб оғриқ беради. Лекин билмайман… онам қандай ўлганини билмайман. Ишдан уйга келдим. Онам йўлакда чўзилиб ётар, дадам эса хотиржам газета ўқиб ўтирарди. Дарҳол тез ёрдам чақирдим, юрагим тўхтаб қолгандек бўлди. Шифокор онамнинг вафот этганини айтди. Дадам бизни кузатаркан, бир сўз ҳам демади. Сўнг дадамни олиб кетишди… Дадам охирги вақтлар ўзи билан ўзи сўзлашиши, кўзларига шарпалар кўриниши ва тажавузкор бўлиб қолганини сезган эдим, аммо… у ҳеч қачон онамни унутмаслигига ишонган эдим. Онамнинг бўйнида бармоқ излари қолган эди…

Ҳа, дадамни ҳар куни кўргани бораман. Махсус шифохонада дадамга ўхшаганлари деярли йўқ. Альцгеймер фақат менинг меҳмоним. У кетмайдиган меҳмон. Ҳар куни унга юзлашаман. Фақат дадам уни танимайди. У касал эканини ҳам билмайди. Унга ташрифларимнинг ҳам фарқи йўқ. Лекин бугун…

−Ўша кунни унутишни истайман, -деди кутилмаганда. -Бу ерга бошқа келма. Унутишни истайман.

Дадам шундай деб столдан туриб кетди. Қараб қолавердим…

Менимча, бундай ҳаёт ҳеч қачон тугамаса керак. Назаримда, абадий шу тарзда яшаймиз… Шу фикрга келиб турган чоғларим мен бир инсонни учратдим. Биз тасодифан танишиб қолдик.

−Шифокорман. Альцгеймер касаллиги бўйича илмий изланишлар олиб боряпман… –суҳбатимизнинг кулминацион нуқтаси шу бўлди.

−Менинг дадам… – ниҳоят кимгадир ёрилдим. Узоқ сўзладим. Юрагимдаги тошлар пуфаклар каби ёрилиб-ёрилиб кетди. Қандайдир енгил сездим ўзимни. Пафакчалар кўзларимдан ёш бўлиб чиқди, юзимдан оқиб тушди. У беихтиёр кўз ёшларимни артди.

−Менинг онам шу ҳасталикдан вафот этган, -деди у.

Альцгеймер уни ҳам йўқлаган экан. Меҳмон бўлган экан. Аммо ўзи билан бирга онасини ҳам олиб кетган экан.

−Мен дадамдан айрилишни истамайман, -нажот билан унга термулдим.

−Мен Альцгеймерни енгаман, -деди у ишонч билан.

Юрагимда умид гуллари очилгандек бўлди. Қушдек енгил уйга қайтдим. Китоб жавонимдаги дўстларим билан юзлашдим. Муҳаббат қиссасини қўлимга олдим…

Альцгеймер ҳамон мени кузатар, аммо ҳалал беролмасди…

Нодирабегим Иброҳимова