АДАБИЁТ

Қизалоқ: саёҳатлар мени ўзгартириб юборди

Берлинда яшаган даврида Кафка сайр қилишни ёқтирарди. Бир куни у қўғирчоғини йўқотиб қўйиб йиғлаётган қизалоқни учратиб қолади. Кафка қизалоққа қўғирчоқни топишмоқчи эканини айтиб, эртага шу жойда кутиб туришни тайинлайди. Албатта, Кафка қўғирчоқни топа олмайди.

Аммо қуруқ қўл билан бормаслик учун қизалоққа қўғирчоқ номидан ёзилган хат олиб боради. “Илтимос, менинг йўқлигимдан қайғуга тушмагин, – Кафка хатни ўқиб берарди. – Мен дунёни кўриш учун саёҳатга отланганман. Барча саргузаштларим ҳақида сенга ёзиб тураман”.

Улар ҳар куни учрашишар ва ёзувчи қизалоққа қўғирчоқдан келган ва қўғирчоқнинг саргузаштлари қизиқарли қилиб тасвирланган хатларни ўқиб берарди.

Тез орада Кафкада сил касаллиги хуруж қилиб, даволанишга Венага кетишга мажбур бўлади. Ёзувчи охиргиси бўладиган ушбу сафар олдидан қизалоқ билан учрашиб, унга қўғирчоқ совға қилади.

Бу қўғирчоқ қизалоқ йўқотиб қўйган қўғирчоқдан бутунлай фарқ қиларди. Лекин қўғирчоққа шундай ёзув қистирилган эди: “Саёҳатлар мени ўзгартириб юборди”.

P/S: Ушбу ҳикояни ўқиб киши кўнглини олиш қанчалик осон иш эканлигига ишон ҳосил қилиш мумкин.