АДАБИЁТ

«Ўткан кунлар» саёз асарми? Роман хусусида айрим мулоҳазалар

Ижтимоий тармоқларда ўзбек романчилиги асосчиси Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар»и хусусидаги фикрлар эътиборимни тортди. Эмишки, асар саёз эмиш, севги-муҳаббат қиссаси, ўзбек адабиётида ўрни йўқмиш…

Савия ўзгаряптими, ёки эстетик дид, билмайман, лекин қатъий ишонганимиз – насрнинг талаблари ҳар замон ва макон учун ўзгармас.

Асарни билимимиз етгунча наср талаблари бўйича таҳлил қиламиз. Асар ҳақидаги хулосани ўқувчиларнинг ўзлари беришади, деб ўйлаймиз. Ушбу мақолада образлардаги рамзийликка эътибор қаратамиз.

Анъанавий романчилик қолипи шундай: экспозиция-тугун-воқеа ривожи-ечим.

Сиртдан қаралса ва насрни тушунмайдиганлар «Ўткан кунлар»ни севги қиссаси деб ўйлайди. Аслида ҳам шундайми? Муаллиф роман сўзбошига асар мавзусини «тарихимизнинг энг кирлик, қора кунлари бўлған кейинги «хон замонлари»дан белгуладим” дейди.

Нега? Туркистоннинг ҳаёт-мамот масаласи кейинги «хон замонлари»да ҳал бўлганини ҳаммамиз яхши биламиз.

Асар ғоясига асар экспозициясида қисман тегиниб ўтилади: «Қишки кунларнинг бири, атрофдан шом азони эшитиладир…» Бу жумлалар тасвирга бекорга киритилмайди.

Ўша даврда Туркистон, Қўқон хонлиги ҳудудларига русларнинг босқинлари бошланган, бирин-кетин шаҳарлар ишғол этила бошланган (Оқмасжид, Авлиёта, Туркистон, Мерки, Пишпак) ва бу охир-оқибат, 1865 йилда Тошкентнинг олиниши билан якунланганди.

Тарихимизнинг энг шармандали саҳифаларидан бири эса 1875 йилда бир вақтлар улкан империя ҳисобланган Қўқон хонлигининг Туркистон генерал-губернаторлиги (вилояти) га айлантирилиши эди. Асар бошланган давр амалда Туркистон ўзининг қиш фаслига етиб келгани, қоронғуликка кириб бораётгани (шом намозига азон айтилиши) маҳорат билан бир жумлада айтиб кетилади.

Асар қаҳрамони Отабек замонадан хабардор, хонлик идора усулида ислоҳотлар бўлиши тарафдори. Ўрусиянинг тараққий ва пешқадам идора усулидан хабардор.

Отабек асар сўнггида уста Алим билан бирга машҳур Авлиёта муҳорабасида шаҳид кетади. Бу билан Абдулла Қодирий миллатнинг Отабекдек ўғлонлари ўлди, халқни ҳимоя қиладиган ақлли эркаклар қолмади дейди. Ўзбек халқининг қулликка киришини эса, асар сўнггида «Ўзбек ойим қора кийди…» деган жумла билан якунлайди.

Асардаги Ўзбек ойим образи бекорга киритилган эмас. Қодирий домла уни қуйидагича тасвирлайди: «Ўзбек ойим чала-думбул табиатлиқ…» Қодирий домла Ўзбек ойим исмида ҳам, унинг сажия ва феъл-атворида ҳам илмдан узилган ўзбекларни тасвирлайди. У ўз билганича, бидъатича, эски тафаккурича яшайди, эри Юсуфбек ҳожининг ҳикматли, маъноли сўзларини қабул қилолмайди.

Айнан Ўзбек ойим ва Юсуфбек ҳожи асарда бир-бирига контраст образлар ролида қўлланади. Ёзувчининг энг муҳим ғояларидан бири шундай: «агар халқ Оʻзбек ойимнинг ғариб дунёқарашини тарк этиб, Юсуфбек ҳожи тафаккури билан яшаганида қулликка маҳкум этилмас, сара ўғлонларини бой бериб, қора киймасди! Асарни диққат билан ўқилса, ҳатто ҳукумат кенгашларида ҳам Юсуфбек ҳожининг сўзлари инобатга олинмайди. Тошкент ҳокими Азизбек ҳузурида мушовир – маслаҳатчи бўлиб турсада ҳоким унинг сўзларини олмайди. Охир-оқибат эса, Азизбекнинг ўзи отнинг думига судратма қилинади.

Тошкент беклари ва аъёнларининг кенгашида «қипчоқни кесиш» (ўлдириш) масаласи кўтарилганда ҳам Юсуфбек ҳожи бунга қарши чиқади ва: «ўрис дарвозамиз тагида турибди, биз бирлашиш ўрнига бир-биримизни қириш ҳақида ўйлаяпмиз…» деган маънода сўз айтади.

Яна бир ўринда Отабекка: «Мен кўп умримни шу юртнинг тинчлиги ва фуқаронинг осойиши учун сарф қилиб, ўзимга азобдан бошқа ҳеч бир қаноат ҳосил қилолмадим.

Иттифоқ нелигини билмаган, ёлғиз ўз манфаати шахсияси йўлида бир-бирини еб, ичган мансабпараст, дунёпараст ва шуҳратпараст муттаҳамлар Туркистон тупроғидан йўқолмай туриб бизнинг одам бўлишимизга ақлим этмай қолди… Биз шу ҳолда кетадирган, бир-биримизнинг тагимизга сув қуядирган бўлсак, яқиндирки, ўрис истибдоди ўзининг ифлос оёғи билан Туркистонимизни булғар ва биз бўлсак ўз қўлимиз билан келгувси наслимизнинг бўйнига ўрус бўйунтириғини кийдирган бўлармиз.

Ўз наслини ўз қўли билан кофир қўлига тутқин қилиб топширгувчи — биз кўр ва ақлсиз оталарға худонинг лаънати албатта тушар, ўғлим…» дейди.

Отабекнинг икки хотинлиги ҳам рамзий маънога эга. Ўша вақтда халқни «қорачопончи» ва «қипчоқ»қа бўлиш, бир-бирига қайраш авж олган, хон эса бу икки тоифанинг бошини бир қилиш ўрнига бирини иккинчисидан устун кўргандек, қипчоқ қирғинига рози бўлади.

Бир кечада минглаб қипчоқлар қириб ташланади. Ёшу қари бирдек бўғизланади. Хоннинг шу икки тоифага адолат қила олмагани, охир-оқибат миллатнинг пароканда бўлишига олиб келишига ишора қилади. Отабек (тарихда отабек ҳозирги вилоятлар ҳокимига тенг келади) икки аёли, марғилонлик Кумуш (Фарғона водийси халқи қипчоқларга нисбат берилган) ва тошкентлик Зайнаб (қорачопончи, ўзбек) ўртасида адолат қилолмагани учун бир аёли ўлади, иккинчиси жинни бўлади. Оиласи бузилган Отабекнинг ўзи эса ўрисга қарши жангга кириб, шаҳид кетади.

Асарнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, Қодирий домла Отабекнинг ўғли Ёдгорнинг ўғиллари тимсолида халқнинг иккига бўлинишини ҳам айтиб кетади. Ёдгорнинг бир ўғли «босмачи», иккинчиси «ишчи» бўлиши айтилади. Яъни, бири «шўрога қарши», иккинчиси, «шўро».

Мен фақат асар қаҳрамонлари, образлар рамзийлигида бутун бошлик миллатнинг эллик йил ичида таназзули ёзувчи томонидан маҳорат билан қаламга олинганини келтирдим, холос. Ўзбек давлатчилиги, уч буюк империя (Қўқон хонлиги, Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги) мана шу давр ичида қулади, мустақиллигини йўқотди. Миллат учун бундан ортиқ фожиа йўқ. Халқ фожиани тушунмади. Буни Қодирий домла асарнинг бир жойида: «мозористонда ҳайя алал фалаҳни ким эшитади?» (ўликлар нажотга шошилингни эшитишмайди, маъносида) деб куюниб ёзади.

Машҳур шарқшунос олим, академик Евгений Бертелс: «Қодирий романлари бутун таркиби билан ўзига хос услубда ёзилган ўзбек романларидир. Дунёда бешта, яъни: француз, рус, инглиз, немис ва ҳинд романчилиги мактаблари бор эди. Энди олтинчисини, яъни ўзбек романчилик мактабини Абдулла Қодирий яратиб берди», дея эътироф этади. Қозоқ ёзувчиси Мухтор Авезов эса Қодирий домлани: «Шарқнинг энг улкан ёзувчиси бўлиб қолган эди» дея иқтидорига тан беради. Тожик ёзувчиси Жалол Икромийнинг ижодига Абдулла Қодирийнинг таъсири кучли бўлган.

Абдулла Қодирийдек, рамзий образлар воситасида фикр айтиш ва матн ёзиш борасида, фикримча, Ойбек домлагина («Қутлуғ қон» ва «Навоий» романлари) беллаша олади. Жумла тузиш, тасвир ва унинг қуюқлиги, тилнинг шираси бўйича Абдулла Қодирий қаршисида ўзбек адабиёти ғариб кўринади: матнлар бўш, ҳиссиз, образлар маромига етмаган. Албатта, бу жиҳатларни наср талабларини тушунганлар англайди.

Кейинги мақолаларда, насиб қилса, романнинг яна бир қатор жиҳатлари, жумладан, тарихий ҳақиқат, ўзбек менталитети, фолклори, кийим-кечаклари, хон ўрдаси расм-русумларига ҳам алоҳида-алоҳида ёзмоқчиман. Романни саёз деяётганлар балки наср ва романчилик аслида нима эканлигини тушунсалар, муддао ҳосил бўлар эди. Бир гапни эсдан чиқармаслик лозим: «улуғларни танқид қилиш учун ўшалардек бўлиш лозим».

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan