АДАБИЁТ

Мутолаа вақти: ОРЗУ

Кўп қаватли уйларнинг бирида фақиргина бир оила яшарди. Эр-хотин ва саккиз ёшли болакай. Ота-она ҳар куни ишда, бола эса уйда ёлғиз қолар эди. У ҳар куни олтинчи қават деразасидан пастга – болалар майдончасига велосопед миниб юрган тенгдошларига ҳавас билан термулар, ўзининг шунақа велосопеди бўлишини орзу қиларди. Лекин оилада бу орзуни амалга ошириш учун на пул, на вақт ва ҳаттоки боланинг орзусини эшитадиган кимса ҳам йўқ эди.

Бола ўз орзусини ошкора айтса, ота-онасини қийнаб қўйишини англар, шунинг учун уларга лом-лим демасди. Бир куни у онасининг “Худо меҳрибон, чин дилдан нимаики сўрасанг, албатта, беради”, деган сўзларини эслади ва шу он қоғоз, қалам ҳозирлади.

Катта қоғозни юзлаб бўлакларга бўлди ва ҳар бир қоғоз парчасига “Худойим, менга велосипед бер”, деб ёзди. Болакай ўз орзуси ёзилган қоғоз парчаларини олтинчи қават деразасидан ташқарига бирин-кетин ирғита бошлади. У “Худога қоғозларимнинг бири бўлмаса, албатта, бири етиб боради ва Унинг менга раҳми келиб, велосопед жўнатади”, -деб ишонди.

Кунлар ўтиб борар, бола ҳар куни одатий ишини такрорларди – қоғозчаларни деразадан улоқтирарди. Унинг ҳаёлини велосопед орзуси буткул эгаллаб олганди. Бола қоғозни сочиб бўлгач яна шуни такрорларди. У бу юмушга дарслик дафтарларигача сарфлади.

Бола бошқа ҳамма нарсани унутиб, телбаларча қоғозларни йиртар, ёзар ва деразадан улоқтирарди. Баъзан қоғозларга ручка сиёҳи билан болакайнинг кўз ёшлари томчиларди.

Кунлар ўтаверди, болакай ҳар тонгда “Бугун Худога қоғозим етиб боради” деган умид билан янги руҳда ишини бошларди.

Ниҳоят, бир куни эшик тақиллади. Бола югуриб бориб эшикни очди. Очди-ю остонадан нарида чиройли кийинган, чамаси қирқ беш ёшлардаги кимсани кўриб хайрон бўлди. Бегона одамнинг қўлида болакай чин дилдан орзу қиладиган, ҳар оқшом тушларига кириб чиқадиган велосопед турарди. Нотаниш кимсанинг нигоҳида мунгли табассум зоҳир эди. У енгил хўрсиниб велосопедни болага узатди.

Қоғозинг Худога етиб борди, ўғлим, бу сенга. Миниб юр

Болакай нима дейишини билмади. Ҳиммати зўр одам зина томон йўланаркан, бир-икки қадам ташлаб ортига ўгирилди, кўзларида ёш кўринди. У бор кучини тўплаб, деди:

Энди Худодан бир мартагинашу велосипедни олиб келган амакига ҳам фарзанд бер”, –деб сўрагин, хўпми?!