АДАБИЁТ

ОШЁННИ ҚУРГАНМАН СЎЛИМ БОҒЛАРДАН…

Қорларни қучоқлаб интиқ кутганим,

Келдингми, кўнглимга уфуриб баҳор.

Дардимга дармон деб кўзга суртганим,

Бўй кўрсат қадрдон малҳамим ипор.

 

Соғиниб кетдим-ку сизни турналар,

Бугун йўқолажак юракдаги ғам.

Ёнимга чопдингми туриб тонг саҳар,

Бойчечак,

эй менинг омонатгинам.

 

Тоғлар тўнни ечинг,

чиқди-ку офтоб,

Жилғалар

сиз менинг севинч ёшларим.

Айвонни бўшатдим пояндоз тўшаб,

Ғуж бўлиб чарх уринг қалдирғочларим.

 

Булбуллар энди сиз учманг узоқлаб,

Ошённи қурганман сўлим боғлардан.

Қўлида сумалак –

мени сўроқлаб,

Айланай излаган қизғалдоқлардан.

 

Майсалар қулф уринг,

кетманг даштимдан,

Энди юртда абад баҳор бўлажак.

Довуллар ҳам тушар совуқ шаштидан,

Энди ҳар кунимиз нурга тўлажак.

Исроил ШОМИРОВ