АДАБИЁТ

Эртага буюк воҳадошимизнинг таваллуд куни

Мен, -деб ёзган эди ижодкор, –фақат бир мақсадни кўзладим: ўттиз-ўттиз беш ёшларгача жаҳон адабиётини ўқиш, фақат ўқиш билан банд бўлдим. Қўл қотиб қолмасин учун майда-майда ҳикоялар машқ қилиб турдим. Мен шу ният йўлида иморат солмадим, машина олмадим, мансаб эгалламадим, шон-шуҳрат изламадим”.

Истеъдодли адибнинг асл исм-шарифи Тоғаймурод Менгноров бўлиб, Тоғай Мурод адабий тахаллусидир. У 1948 йилда Сурхондарё вилояти Денов (ҳозирги Олтинсой) туманининг Хўжасоат қишлоғида дунёга келган.

Воҳадошимиз ўзи туғилиб ўсган қишлоғидаги ўрта мактабни 1966 йилда тугатиб, Тошкент Давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетида таҳсил олган. Университетни 1972 йилда муваффақиятли якунлаб, республика радиосида муҳаррирлик қилган.

1976-1978 йилларда “Ўзбекистон физкультурачиси”, 1982-1984 йилларда “Фан ва турмуш” журналида фаолият кўрсатган. 1985-1987 йилларда Москвадаги Адабиёт институтида ўқиган. Шу йилларда у кичик-кичик ҳикоялар ёза бошлаган.

1976 йилга келиб Тоғай Муроднинг “Юлдузлар мангу ёнади” деган илк қиссаси “Шарқ юлдузи” журналида чоп этилгач, китобхонлар оғзига тушади. Кетма-кет адибнинг “От кишнаган оқшом” (1979), “Ойдинда юрган одамлар” (1980) ва “Момо Ер қўшиғи” (1985) каби ўзбек миллий қиссачилигининг янги намуналари дунёга келади. Улар ҳам юксак баҳоланиб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ойбек номидаги йиллик мукофотига сазовор бўлганлигини эътироф этиш жоиз.

Агар адиб ўзининг “Юлдузлар мангу ёнади” илк қиссасида ўзбек миллий кураши ҳақида ҳикоя қилган бўлса, “От кишнаган оқшом” қиссасида улоқчи-чавандозлар ҳаётини тасвирга тортди. Ундаги бош қаҳрамон Тарлон номли от тимсолида бир олам инсоний эзгу туйғуларини тўкиб солди. Ўзбекистон Қаҳрамони Саид Аҳмад бу ҳақида ёзиб, ҳеч ким Тоғай Муродча отга бундай таъриф бермаганини алоҳида қайд этган эди.

Тоғай Мурод асарларида ҳикоя, ифода йўлини янгича тус олади. Ёзувчи “Ойдинда юрган одамлар” қиссасидаги бош қаҳрамонлар Қоплон билан Оймомоларнинг фарзанд илинжида ўтказган изтиробларга тўла ҳаёти мисолида инсондаги илоҳий меҳрни улуғлайди.

Момо Ер қўшиги”да эса она заминдан ажралиб қолган, она Ватанда яшаб туриб, эл-юрт туйғусидан маҳрум бўлган ва оқибатда мустабид тузум мафкураси қурбонига айланган ижодкор шахс образини маҳорат билан умумлаштиради.

Адиб 1986-1991 йилларда “Отамдан қолган далалар” романини яратди. Мазкур роман 1993 йилда чоп этилиб, 1994 йили Абдулла Қодирий таваллудининг юз йиллигида унга Абдулла Қодирий номидаги Республика Давлат мукофоти берилди.

Отамдан қолган далалар” ижтимоий роман бўлиб, нафақат адиб ижодида, балки мустақил ўзбек адабиётида катта воқеа бўлди. Тоғай Мурод истеъдодли таржимон сифатида 1974-1975 йилларда Ж.Лондоннинг “Бойнинг қизи” драмаси ва бир неча ҳикояларини таржима қилди.

1989 йилда Е. Сетон-Томпсоннинг машҳур “Ёввойи йўрға” китобини ўзбекчалаштирди. Унинг “Отамдан қолган далалар” асари асосида икки қисмдан иборат фильм яратилган. Унга 1999 йилда “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” деган юксак унвон берилган.

Истеъдодли ижодкор Тоғай Мурод 2003 йилда вафот этган.