АДАБИЁТ ЖАМИЯТ

Сурхондарёлик мутасаддилар: Адабиёт ўладими?

Ўзининг беназир асарлари билан ўзбек адабиётида чуқур из қолдирган улуғ адиб Шукур Холмирзаев ҳаёт бўлганида бу йил 80 ёшга тўларди. Адибдан бизга бетакрор ижод намуналари, кўплаб ҳикоя, қисса ва романлар қолди.

Ёзувчининг 1992 йил «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида эълон қилинган «Адабиёт ўладими?» номли мақоласи кенг жамоатчилик олдига қўйилган оғриқли муаммо сифатида катта мунозарага сабаб бўлган эди. Адабиёт тақдири – миллат тақдири, азалдан миллат руҳи бўлиб келганлигини ҳисобга оладиган бўлсак, адиб ўттиз йиллар нарида туриб бугунги куннинг қайғуси билан яшаганлигини ҳис этиш қийин эмас. Ўша йиллари ушбу мақола олимлар, адабиётшунослар, миллат зиёлиларининг эътиборини энг муҳим нуқтага тортганлигидан хабаримиз бор. Аммо, гап бу ҳақда эмас.

Бу йил Шукур Холмирзаев таваллудига 80 йил тўлмоқда. Адиб асарларини сурхондарёлик ўқирманлар ҳам севиб мутолаа қиладилар. Ундаги қаҳрамонларнинг аксари Сурхон замини одамларидир. Ёзувчининг хотирасини абадийлаштириш, Бойсун шаҳридаги адиб туғилган ва болалиги ўтган уйни музейга айлантириш, керак бўлса Сурхондарёда Шукур Холмирзаев ижод мактабини яратиш вақти келди. Назаримизда юқорида айтганимиз, ёзувчининг «Адабиёт ўладими?» номли мақоласига жавоб бордек. Адабиёт ўлмайди, эл ўз алломаларини, фозилу фузалолари, шоир ва ёзувчиларини унутмаса, миллат маънавиятига завол етмагай.

Миллат хазинасини нодир жавоҳирлар билан бойитган миллат зиёлилари эса мангуликка дахлдор.

Исроил Шомиров