ЖАМИЯТ

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбари юксак мукофоти билан тақдирланди

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида бутун умрини илм-фанга бахшида қилган таниқли олим, тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватовнинг 80 ёшлик юбилейи муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Президентнинг Жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Рустам Собирович Қосимов олимнинг ибратли ҳаёт йўли ва у яратган манбашунослик илмий мактаби хусусида сўз юритиб, устозни муборак ёши билан самимий қутлади.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Убайдулла Муродович Уватовни “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан мукофотлаш тўғрисидаги Фармони қабул қилинганини тантанали эълон қилди.

Эслатиб ўтамиз, У.Уватов 2017 йилдан Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказига раҳбарлик қилиб келмоқда.