ЖАМИЯТ МУЛОҲАЗА

Миллатни қутқарган мухбир ёхуд энг шов-шувли журналист текшируви

  • Инсонлар ўлимига жим қараб туролмайман
  •  Мултонлар ишида мухбир иродасига дарз кетмади
  •  Журналист деб шундай одамни айтишади

МАЪЛУМКИ, ҳар бир даврнинг ўз салоҳияти, касбий фидойилиги, билим ва иқтидори билан тарих саҳифаларида мангу из қолдирган буюк инсонлари бўлган. Шулар жумласидан, журналистика соҳасидаги бутун бошли элат ва миллат тақдирини ҳал қилишга қодир сўзи қиличдек ўткир, холис ва ҳалол қалам эгаларининг номи то бугунги кунга қадар машҳур. Масалан,  XIX асрнинг охирларида яшаб ўтган россиялик журналист В.Г.Короленко ўзининг касбий салоҳияти ва фидойилиги билан журналистика тарихининг олтин саҳифаларидан муносиб жой олган ­ижодкорлардан биридир. У етти йил давомида турли тазйиқлар, хавф-хатар, очлик, қашшоқлик, ҳаттоки таҳқирлар остида журналистик текшируви ­олиб борди. Натижада, жонини хатарга қўйиб, удмурт элатининг шаъни ва динини ҳимоя қилибгина қолмай, полиция хизматидаги мансабдор кимсаларнинг зўравонлик ва шафқатсизлик ниқобини ҳам ечиб ташлади. Бу воқеа бир гуруҳ удмурт деҳқонларига нисбатан қўйилган диний маросим пайтида бутларга қурбонлик учун қотиллик содир этганлик айблови билан боғлиқ эди. 1892 йилда удмуртларнинг Эски Мултон қишлоғидан узоқ бўлмаган жойда рус миллатига мансуб бошсиз одам жасади топилади. Ҳудудий полиция шу қишлоқда яшовчи бир нечта удмуртларни қотилликда айблаб ҳибсга олади.

Короленко бу фожиа “полиция босқинчилар тўдаси” томонидан миллатлар ўртасида низо ўтини ёқиш мақсадида атайлаб уюштирилган жиноят, деган фикрга келади ва буни исботлашга маҳкам бел боғлайди. У суриштирувни даставвал мултонликларнинг айбсиз эканлигини исботловчи далилларни излашдан бошлади. Бунинг учун ойлар, йиллар давомида маҳаллий аҳоли билан яшашга, уларнинг турмуш ҳаётини ўрганишга тўғри келди. Натижада, уларнинг ишончини қозониб, гувоҳлардан керакли маълумотларни олишга муваффақ бўлди. Шунингдек, Короленко удмуртларнинг дини одам қурбонлигини талаб қилмаслигини, аксинча, бу каби ёвузликлар қораланишини исбот қилишдан олдин, уларнинг таълимотини ва маросимларини чуқур ўрганди.

Бу вақт давомида полициячиларнинг ерлик аҳоли билан ўта шафқатсиз муносабатлари, зўравонлиги ва босқинчилик кайфиятлари очила борди, айбланувчи ва гувоҳларни қаттиқ қийноққа солганлари маълум бўлди. 29 ой давом этган терговдан сўнг “Мултонлар иши” уч бора судда кўрилди ва 2 маротаба айбсиз инсонларни умрбод сургун жазосига тортиш билан якунланди. Журналистнинг жонига бир неча бор суиқасд уюштирилса-да, Короленко ўз касбига содиқ қолиб, орқага чекинмади. — “Инсонлар айбсиз ўлишмоқда. Бундан бошқа ҳеч нарсани ўйлай олмайман ва ўйлашга ҳаққим ҳам йўқ”, — деб ёзади “Русс­ких ведоместей” газетасининг редакторига.

Матбуот аралашуви ва журналистнинг саъй-ҳаракатлари натижасида суд ишни қайта кўриб чиқади. Судда ҳимоячи сифатида иштирок этган Короленко удмурт деҳқонларининг айбсизлигини исботлашга эришади ва қотиллик полициячилар томонидан атайлаб уюштирилганлигига рад этиб бўлмас далиллар келтиради. Шундай қилиб 1895-1896 йилларда дунё матбуотида катта шов-шувга сабаб бўлган “Мултонлар иши” номли мақола муаллифи В.Г.Короленко бугунги кунга қадар дунёдаги барча касбдошларига ифтихор ва намуна бўлиб қолди.

 “Инсон ва қонун” мухбири

Фарида ҚОРАҚУЛОВА тайёрлади.