МУЛОҲАЗА

Театрда «соққа» ўйинлари бўладими?..

PS: Ижтимоий тармоқда воҳадошимиз Эркин Норсафарнинг қуйидаги мулоҳазалари эълон қилинди. Унда билдирилган фикрлар сиз азиз ўқувчиларимизни ҳам бефарқ қолдирмайди, деган умиддамиз.

Нет описания фото.

«Бойсун туманида тўй бўлади. Тўйда улуғ адабимиз Шукур ака Холмирзаев ҳам бор эди. Сархуш оломоннинг олқиши остида даврага қайтган «хонанда» Шукур аканинг фикрини билмоқчи бўлиб: «Шукур ака, бизнинг қўшиғимиз қандай, сизга маъқул бўлдима?» -деб сўраганида Шукур оға: «Қўй, қўшиқни қийнама, болам!» -деган эканлар.

Куни кеча бир қадрли инимиз қўнғироқ қилиб: Ака, маслаҳатли иш бор, ёнингизга ўтсам майлими, деб қолди. Келди. Театрда кўп ишлагансиз, маслаҳатларингиз керак эди, деди. Театрга, санъатга, ижодга дахлдор одам бўлмасангиз, бу сизга нимага керак эди, деб сўрасам, хусусий театр очмоқчиман, деб қолди. Баракатопгур, ундан кўра хусусий газета очинг, «Сариқ матбуот» орқали яхшигина пул қила оласиз, театрда нима бор десам, ака ҳамма пул театрда экан деб, санаб кетди.

1) Аввалига жамоам билан вилоят бўйлаб хизмат сафарига спектакль билан чиқиб, жойларда томошабинлардан йиғилган пулларнинг асосий қисмини «шимо» қиламан.
2) Театрда спектакль томошасидан тушган пулларни кассага киришидан олдин хонамга киритиб, ҳаққимни олиб қолиб, қолганини топширтираман.
3) Ҳар чоракда битта спектакль саҳналаштириб, декорация ва костьюмларга кўпроқ, дейлик 30-40 миллион қўйиб, 10 миллионча сарфлаб, қолганини чўнтакка…
4) Икки-уч йилдан кейин, бу иш янада «вигидний» бўлади: аввалги спектаклларнинг декорацияларини бузиб, янгисига ишлатаман, пулини эса янгиси учун олиб, фойдага…
5) Бунда кўпроқ эски-тускилардан фойдаланаман, озгина краска урса, бўз билан ўраса, нари борса юз минг сўмлик иш учун қўшимча ўн миллион ўмарса бўлади…
6) 10 тача «отарчи»ни ишга олиб, тўйма-тўй қўйиб қўйиб, «далёнка»ни қуртдек санаб оламан. Ойда бир-икки кўриниш берса бўлди. Кейин, ҳар бири уч тўйдан бир тугун қилиб келса ҳам уйимда ҳар куни базм!
7) Ўзимга ҳар чорак ойликдан ташқари устама иш ҳақи ва мукофот ёзаман. 10 та «отрачим»га йилда икки марта «моддий ёрдам» ёзиб, чўнтакка ураман.
8) Байрамларда мукофот ёзиб, жамоага 5-4 сўмдан бериб, бир қисмини зиёфатга ишлатаман, қолгани менга…
9) Раққоса қизлар гуруҳини тузиб, тўй ва зиёфатларга соққа ишлатгани жўнатаман…
10) Спектакль тайёрлаш учун йўлини қилиб, миллиардлаб давлат буюртмасини оламан-да, 100 миллионлаб айириб қоламан…
11) 2 та масхарабозни битта ашуллачи билан болалар боғчасини айлантираман. Бир кунда 4 та томоша қўйиб, ҳар биридан 200 – 300 минг айириб, бир қисмини олиб қоламан. Ким кўриб, сўраб ўтирибди…
Буларни йил бўйига бўлса, қанча пул бўлади, биласизми?
Яна кўп йўллари бор, деди. Билмадим, яна нималарни назарда тутди, балки Сиз билган чиқар?

Э-э, қойил, театрда шунча ишлаб, бунақа йўллари борлигини билмаганимни қаранг. Рости, бу «инимиз»дан дилим оғриди. Ишқилиб, давлат театрлари шундай нусхалар илкида қолиб, соб бўлмасин. Унга ҳам, қўй, иним, театрни буйтиб қийнаманглар, дедим. Мендан бундай, тушунмайдиган ва қизиқмайдиган нарсаларим ҳақида сўрама, ижод бўлса, бирор асар муҳокамаси бўлса, бошқа гап. Энди бундай иниларимиз қўнғироқ қилиб қолса, жавоб бермайман. Бизга тўғри келмас экан…»

Эркин Норсафар