Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов «камбағаллик камбағалликни келтириб чиқариши, мазкур жараён бир неча сабабларга кўра содир бўлиши» ҳақида ўз мулоҳазаларини ва турли мамлакатлар камбағаллик даражасини камайтириш учун қандай курашгани ҳақида гапириб ўтди.
«Камбағалликни камайтириш – бу аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсоннинг ички куч-қуввати ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш бўйича комплекс иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, демакдир», деб таъкидланган эди Ўзбекистон Республикаси Президенти 2020 йил 24 январда Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида
Иқтисодиёт қонунларига асосан, «камбағаллик камбағалликни келтириб чиқаради». Мазкур жараён бир неча сабабларга кўра содир бўлади.
Биринчидан, даромадлари паст мамлакатлар сифатли таълим ва соғлиқни сақлаш учун етарлича пул сарфлай олишмайди, камбағал аҳоли эса сифатли пуллик таълим ва тиббиёт хизматларга қурби етмаслиги сабабли инсон салоҳияти пасайиб, камбағалликдан қочиб қутула олмайдилар.
Иккинчидан, камбағал аҳолининг даромадлари пасайиб борган сари, истеъмол бозорининг сиғими мутаносиб равишда кичрайиб боради ва бунинг натижасида саноат моллари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва айниқса, хизматларга бўлган талаб пасайиб боради. Бу эса, ўз навбатида, иқтисодий тараққиётга тўсқинлик қилади, бюджет даромадларини камайтиради ва камбағалларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш имкониятини камайтириб ёпиқ циклик жараён кўринишига келади.
Учинчидан, аксарият ҳолларда камбағалларнинг дунёқараши даромад юқори бўлганлардан фарқ қилади. Юқорида айтиб ўтилган сабабларга кўра, улар орасидан ижодкор ва тадбиркорлик қобилиятига эга инсонларнинг етишиб чиқиши эҳтимоли камроқ. Шунингдек, одатда камбағал оила аъзолари орасида жиноятчилик кўрсаткичлари нисбатан юқорироқ бўлади.
Ўзбекистонда ижтимоий адолат тушунчасига мос келадиган давлат сиёсати моделини танлади
Бошқача қилиб айтганда, камбағалликни келтириб чиқарувчи омиллар мамлакатда инсон салоҳиятини ривожлантиришга, ишлаб чиқарувчи кучларнинг ривожланиши ва аҳолининг иқтисодий фаолиятига тўсқинлик қилади.