МУЛОҲАЗА

Тўғри сўз солиғи

Журналист дўстим, сенга ҳам осонмас. Ҳамма амалдорлар, мансабдорлар, йирик коррупционерлар сенга душмандек қарайди. Ота-онанг, ака -укаларинг тинч юр, дейди. Топишинг камтарона яшашингга аранг етади.

Ҳаётингда тартиб йўқ, баъзан муҳим воқеа устида тонггача ишлаб чиқасан. Қачон қараса югуриб, шошиб юрган бўласан.

Сенга хотин бўлиш ҳам азоб. Ҳар қанча билдирмасликка уринсанг ҳам сенга бўлаётган босимларни аёлинг сезиб туради.

Яқинда аёлинг ҳомиласини йўқотди. Номаълум кимсалар уйингга қўнғироқ қилиб тинч юрмасанг, боғчадаги қизчангни бошқа кўрмаслигингни айтиб қўрқитган эди. Ана шунда қаттиқ қўрқиб кетганди, бечора.

Оддий одамлар биргина ҳақоратни умрбод кечиролмайди. Сенга эса ҳақоратлар, сўкишлар ёмғирдек ёғилади.

Фейсбук, твиттер, телеграмда троллар мунтазам мағзава ағдаради. Уларга парво қилмасликка ўргангансан.
Аммо, амалдорларнинг таҳдиди сени хавотирга солади. Чунки, улардан ҳар қандай қинғирликни кутса бўлади.

Яқинда бир ҳокимнинг кирдикорларини ёритганинг учун очиқ номердан таҳдидомуз қўнғироқлар бўлди.

Тегишли идораларга мурожаат қилдинг, аммо, чора кўрилмади. Бир нечта ташкилотлар билан судлашдинг. Бу пўписалар, дўқ уришлар сени йўлдан қайтаролмади. Тўғри сўз учун, ҳақиқат учун курашда давом этмоқдасан.

Аммо сени бир нарса қийнайди. Оғир пайтларда баъзи ўқувчиларинг ва ҳамкасбларинг сени руҳан қўллаш ўрнига сени маломат қилади.

Мажбурликдан, оғир босим остида бирор ишни давом эттирмаганинг учун сени айблашади.

Ўзбекистондаги сўз эркинлиги абгор аҳволда эканини, журналистларга ҳимоя йўқлигини унутиб қўйишади.

Нега энди қайсидир ҳоким билан ўчакишиб шунча йиллик меҳнатинг сингган хусусий нашр ёпилиб кетиши керак?

Йўқ, хориждаги оғзи полвонларга эътибор берма. Имкониятинг доирасида ишлайвер. Эртага қамалиб кетсанг ёки йўқолиб қолсанг, ўшаларнинг бирортаси ёрдам беролмайди.

Шундай оғир шароитда хусусий медияни юритаётганинг ўзи катта гап. Доимо омон бўл, ижодингга барака берсин.