АДАБИЁТ МУЛОҲАЗА

Истиғфор. Сен – Энг…

Бола эдим, шаббоданинг  этагидан  ушлаб  ўт-ўланлар  ичида  югуриб  юрардим.  Сўзанакларни тутиб, қанотидаги  қуёшда  товланган  рангларни  томоша  қилиб  завқланардим.  Онам  тикиб  берган  эгнимдаги  каштали  кўйлак  гулини  боғимиздаги гулларга қиёслардим.  Ва  бор  овозим   билан  ҳайқирардим: Онамнинг  гуллари  чиройли, онамнинг  гуллари  чиройли. Бир куни дарвозамиз  олдида дугоналарим билан дадам шаҳардан  олиб  келган,  сочлари  қўнғироқ  қўғирчоғимни  ўйнаб  ўтирганимда  доим кир-чир  юрадиган, кўйлагига устма-уст ямоқ солинган Шарофат даврамизга қўшилди. Ва  дугоналарим қўлма-қўл  ўйнаётган  қўғирчоғимга  қўл  чўзди. Негадир  уни  жиним  суймас эди, дарров  қўғирчоғимни  тортиб олдим-да: – Шарофат – жулдур,  Шарофат – жулдур, – деб  бақира бош ладим, дугоналарим  ҳам  менга қўшилди. Бақир-чақиримизни эшитган онам ичкаридан югуриб чиқди, четда мунғайиб йиғлаётган Шарофатга кўзи  тушгач, ҳамма нарсани тушунди, шекилли, юзимга шапалоқ тортиб юборди, кўзимдан олов чиқиб кетди.  Сўнгра  қўлимдаги  қўғирчоғимни  тортиб олди-да, Шарофатга  узатди: – Ол,  қизим,   бу  сенга… Беғубор  оламимга   мавҳум   чангдай  ёпирилиб   келаётган  кибр  бир  зумда  тўзғиб  кетди. Юзимга илк бор шапалоқ туширган ва Шарофатга  меҳр  узатган  қўллар   онамнинг  эмас, аслида  Сенинг  қўлларинг эди…

***

Баҳор кунларининг  бири  эди.  У  ўзининг  афсунгар  нафаси  билан  ҳар  гал  мени  хаёлпарастга  айлантирарди. Мактабга  бораётиб  ёввойи  гуллар  ифори, турли-туман    қушларнинг  нағмасига   чалғиб дарсга  кечикдим. Биринчи  дарсни  жаҳлдор, аламзада кимё муаллими ўтарди. У кеч  қолганларни  кимё жадвалини кўрсатадиган  таёғи  билан  аёвсиз савалар, қолганига бир соат бурчакка  тик  турғазиб  қўярди. Синф   эшигини  очдиму  унинг ғазаб кўр қилган нигоҳига тўқнашдим. Азбаройи  қўрққанимдан  йиғлаб  юбордим  ва  тилимни  ёлғон  булғади: –  Муаллим,  онам  оғир  ётибдилар, уларга  қарадим. Муаллимимиз  аёллигига  бориб юмшади: – Бор, ўрнингга   ўтир, бошқа  кеч  қолма! Дарсда ўтирибману бутун жисму  жоним  ёнади, ҳатто  суякларимгача  қизиб  кетаман. Дарслар тугагач, уйга  қараб югурдим. Югуриб бораётиб, бутун  вужудимни  аллақандай  қўланса юк  босганини  сезаман, худди ҳеч  қачон  чўмилмаган  одам  ҳолатига  тушаман. Орадан  бирор  ҳафта  ўтар-ўтмас, онам  чиндан  ҳам  тўшакка  михланиб  қолди. Ўзимни муаллимнинг  ғазабидан  асраш  учун  онамни  дардга  сотганимни  англадим. Шу  ётганича қарийб  ярим  йил  ўрнидан  турмади, меҳрибон  онам.  Ичим  кўз  ёшига  тўлиб  кетди.  Менга, ўн  тўрт  ёшли  қизга  ёлғон – жаннатни  ваъда  қилиб,  дўзах  дарвозасининг  қўнғироғини  чалдиргувчи  ва адаштиргувчи  йўл  эканини   қалдирғоч  тилида  уқтирдинг.

Ҳалима АҲМЕДОВА,

шоира

 

 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan