ДУНЁ ЖАМИЯТ ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО ҚИЗИҚАРЛИ МУЛОҲАЗА МУРОЖААТ СИЁСАТ ЎЗБЕКИСТОН Фойдали

Сариосиёдан SOS: Ўрмон ерлари томорқага айлантириляпти(ми)

Баъзан атрофда кузатилаётган ўзибиларчилик, бошбошдоқликларни кўриб ҳайратланасан киши: Наҳот, шу даражага етдик, наҳотки, қонунларимиз шу қадар ожиз бўлиб қоляпти?! Сариосиё тумани МСО массивида Узун Ўрмон хўжалигига тегишли ер майдонида ўзбошимчалик билан ноқонуний қурилишлар амалга оширилаётгани ҳақида маълумот олдик. Мурожаатда кўрсатилган манзилда бизни, ўзини Узун ўрмон хўжалиги иқтисодчиси сифатида таништирган Фазлиддин Ғоипов кутиб олдилар. Суҳбатимиздан маълум бўлишича, Ғоипов Фазлиддин чинданам “ғайрат” билан қурилиш ишларини амалга ошираётган эканлар. Табиийки, улардан тегишли рухсатномалари, ҳужжатлари бор йўқлигини сўрадик.

       

Фуқаронинг билдиришича, Узун ўрмон хўжалигига тегишли ер майдонининг 23,4 сотихи унинг турмуш ўртоғи номига, 23,7 сотихи ўзининг номига Сариосиё туман ҳокимининг қарори билан 2019 йилда расмийлаштирилган, кадастр ҳужжатлари тайёрланган ва тасдиқланган экан. Ваҳоланки, улар оиласи билан бу жойда 2011 йилдан буён истиқомат қилишармиш. Айни пайтда эса у, ўз ташаббуси билан ҳеч қандай рухсатсиз яна Узун тумани ўрмон хўжалигига тегишли 20 сотихлар атрофидаги ер майдонида иссиқхона қуриш ишларини бошлаб юборганини ҳам тан олди.

      

Қизиқ, ўрмон хўжалиги тасарруфидаги ер майдонига қандай қилиб туман ҳокимлиги томонидан ҳужжат тайёрланди.
      
Аслида қонун талаби қандай? Мазкур саволга жавоб излаб Узун ўрмон хўжалиги мутасаддиларига мурожаат қилдик.

Хўжалик инженери Давлат Хўжамқулов, собиқ иттифоқ даврида ўрмон хўжалиги ер майдонларидан ўзоқ йиллар тизимда ишлаган ходимларга рағбат сифатида 10 сотих миқдорида ажратишга рухсат бўлгани ва ҳозир бу имтиёз бекор қилинганини, таъкидлади. Мутахасиснинг билдиришича, айни пайтда ўрмон тасарруфидаги ерлар, фақатгина ўрмон хўжалигининг юқори органи рухсати билангина ҳокимликлар заҳирасига ўтказилиши мумкин.

        

Янаям ажабланарлиси, Узун ўрмон хўжалигининг инженери ҳам, раҳбари ҳам хўжалик иқтисодчиси Фазлиддин Ғоипов 9 йилдан буён хўжалик тасарруфидаги ерда уй қуриб яшаётганини, камига бу жойда иссиқхона тикланаётганини билишмас эмиш. Сурхондарёликлар қўллайдиган, жиртээ, Холмурод, деган ибора ёдга тушиб кетди, беихтиёр. Қаҳрамонларимиз билан яқинроқ танишгач, ҳақиқатга бироз яқинлашгандай бўлдик. Қаранг, Фазлиддин Ғоипов, яъни Узун ўрмон хўжалигининг иқтисодчиси мазкур хўжалик раҳбари Алламурод Одиловга куёв бўларканлар! Қайнота куёвлик ришталари зинҳор барҳам топмасин…, буни асло тиламаймиз…, лекин бу қариндошчиликнинг ишга нечоғлик алоқаси борлигини бизнингча ҳуқуқ тартибот идоралари аниқлаштиришлари лозим. Хулласи калом, Сариосиё туман ҳокимлиги, Сурхондарё вилоят ўрмон хўжалиги бошқарувидан асосли жавоб кутамиз. Ўрмон ерлари бу тарзда ўзлаштирилаверса билмадик келажак авлодларимизга нима қолади? Шундоқ ҳам меҳрга зор экологиямизнинг ҳоли нима кечади?

Тилка-пора

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan