ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Денов туманида яширин цех фош этилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил апрель ойидаги тегишли Фармонига асосан ҳудудлардаги жиноят ва ҳуқуқбузарлик ошган, криминоген вазияти оғир бўлган маҳаллаларга Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва қўриқлаш хизмати ходимлари бириктирилди. Бугунги кунда тизим масъуллари, тегишли мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда, маҳаллада жиноятни жиловлаш, камбағалликни қисқартириш, фуқароларнинг ижтимоий ҳаётини яхшилашга кўмаклашиш, жойларда жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олиш борасида зарур чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Сурхондарё вилояти Қўриқлаш бошқармасига бириктирилган маҳаллаларда хизмат олиб бораётган ходимлар аҳоли билан профилактик суҳбатлар олиб бориб, уйма-уй юриш асносида уларнинг ижтимоий аҳволи ва муаммоларини ўрганмоқда. Афсуски, ўрганишлар мобайнида айрим фуқароларнинг қонунга хилоф ҳатти-ҳаракатлари аниқланмоқда.

                                           
Хусусан, жорий йилнинг 29 октябрь куни Миллий гвардия Сурхондарё вилояти Қўриқлаш бошқармаси 3-Алоҳида отряди ходимлари, Божхона ва Департаментнинг Денов тумани бўлимлари ходимлари билан ҳамкорликда  ўтказилган тадбир давомида, тумандаги “Файзиобод” маҳалласида яшовчи фуқаро С.У. нинг яшаш уйи холислар иштирокида кўздан кечирилди. Ва ушбу фуқаро ҳовлисидаги ёрдамчи хўжалик хонасида қўлбола мой жувоз қуриб, унинг ёрдамида бир ойдан буён пахта чигитидан ёғ ва кунжара ишлаб чиқараётганлиги аниқланди. «Уддабурон тадбиркор»нинг хонадонидан истеъмолчиларнинг ҳаёти ёки соғлигига хавф солувчи қўлбола маҳсулотни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқарган 1 дона мой насос, 1 дона жувоз, 2 дона генератор, 1 дона жувоз ўқи, 5 дона ремент, 50 литр истеъмолга яроқлилик сифати бўлмаганлиги яққол кўриниб турган қора ёғ, 1 дона кунжара майдалагич аппарати, 35 кг кунжара маҳсулоти ва 1 дона 20 кг  лик торози ашёвий далиллар сифатида ҳужжатлаштириб олинган.

                                    

Ушбу ҳолат бўйича, Департаментнинг Денов туман бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида, жиноят иши қўзғатиш масаласини ҳал этиш учун терговолди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan