ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

“Халқ банки” Узун филиалидан “инновация”: Мижознинг номига уни хабардорлигисиз кредит чиқариб ўзлаштириш усули

Департаментнинг Узун туман бўлими томонидан тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимояси борасида ҳамда “Ҳар бир оила – тадбиркор” Давлат дастури доирасида ажратилган имтиёзли кредит маблағларидан мақсадли фойдаланилиши юзасидан терговга қадар ўтказилган текширишда ғалати ҳолатларга дуч келинди. Аниқланишича, АТ “Халқ банки” Узун филиалининг бир гуруҳ мансабдор шахслари ва таъминотчи ташкилот раҳбари олдиндан ўзаро жиноий тил бириктиришга ва компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб, расмий ҳисобланган кредит ҳужжатларини сохталаштиришган. Бу йўл орқали улар 5 нафар фуқаро ва 1 нафар тадбиркорнинг номига, уларнинг хабардорлигисиз жами 166,9 млн. сўм имтиёзли кредит маблағларини чиқариб, олинган кредит маблағларидан
150 млн. сўмини таъминотчи ташкилотга ўтказиб бериб, ўзларининг шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборишган.

Ваҳоланки, бу маблағлар аслида оилаларда тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш, умуман олганда, аҳолини қўллаб-қувватлашга йўналтирилиши лозим эди.

Мазкур ҳолат юзасидан АТ “Халқбанки” Узун филиали мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани, хабар қилинмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan