ИЛМ-ФАН ҚИЗИҚАРЛИ ЎЗБЕКИСТОН

Олтинсой тумани: Ошхонага жойлаштирилган синфлар, 3 сменалик ўқиш ва 30-35 дақиқалик дарс машғулотлари

Расмий сайтимиз саҳифаларида деярли барча соҳалардаги муаммоларни ёритиб борамиз. Аммо, таълим, ёшлар тарбияси масаласи ҳақида сўз юритганда бошқа гап сўзларни ортга суриб қўйгимиз келади. Негаки ўқувчилар, фарзандлар тақдирига эътиборсизликнинг жабрини кун келиб ўзимиз тортишга мажбурлигимиз, инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат ҳисобланади. Нақадар оғриқли бўлмасин, бугун сизларга Олтинсой туманидаги мактаб жамоасининг муаммосини етказяпмиз. 47-сонли умумий ўрта таълим мактабида 700 нафардан ортиқ ўқувчи 260 ўринли биноларда ўқишди. Фойдаланишдаги бинолар иккита бўлиб, бири ўқитиш учун қурилган. Иккинчиси эса ҳашар йўли билан ошхонага мўлжаллаб қурилган бино. Мактаб ўқитувчилари ўз ҳисобларидан, эътибор қаратинг пешана тери билан топган пуллари ҳисобига шу ошхонани тўртга бўлиб, синфхоналар ташкил қилган.

Қизиғи, 47 мактабнинг 160 ўринга мўлжалланган биноси мутахасислар томонидан яроқсиз, деб топилган экан.

Шароит йўқлиги туфайли мактабда дарс соатлари 30-35 дақиқагача қисқартирилганини айтиб, бир гуруҳ ота-оналар норозилик билдиришди. Маълум бўлишича, мактаб раҳбарияти 3-сменадагилар жуда кечга қолиб кетмаслиги учун ана шундай чора қўллашга мажбур бўлишяпти.

Одатда, матбуот ёки ижтимоий тармоқларда ёритилган муамоларга ечим топиш ўрнига мутасаддилар ўша объект раҳбариятини жазолашга киришиб кетади. Муаммо эса яна ўша ҳолида қолаверади. Янги раҳбарлар, табиийки, жим юриш шарти билан лавозимга тайинланади. Ўйлаймизки, калта фикрлаб чиқарилган мазкур тажрибани 47-сонли мактабга нисбатан қўллашмайди. Чунки, мактаб раҳбарияти ва жамоасининг фидоийлиги, ўз касбига садоқати туфайли бўлса керак-ки, жорий йилда уларнинг битирувчи синф ўқувчилари олий ўқув юртларига киришда туман миқёсида юқори натижалардан бирини қайд этишди. Масъул идоралар яъни Сурхондарё вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамда Олтинсой туман ҳокимлиги мутасаддиларидан асосли ва ишонарли жавоб кутиб қоламиз.

 

Ўроқали Дияров

diyor24.uz мухбири

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan