ЖАМИЯТ

Давлат намунавий уйлар қуришдан воз кечмоқчи!

Коммунизим давридан қолган шаблонлардан мустақил бўлиб ҳам қутулолмадик. Сап-сариқ девору қизил шиферли намунавий уйлар қуриш ҳам шундай кампаниябозликлардан бири бўлди. Аммо уларнинг сифатидан кўнгли тўлиб, биров раҳмат дегани йўқ. Аксинча, ҳозиргача турли ташкилотларга шикояту мурожаат кўтариб юрганлар кўп.

Марказий банк маълумотларига кўра, бугун тижорат банклари кредити эвазига тадбиркорлар томонидан қурилган 1500 дан зиёд уй сотилмай турибди. Тез орада яна 7 мингта хонадон тайёр бўлади. Бунинг сабаби ҳаммага аён. Чунки ана шу уйларга таклиф этилаётган ипотека кредити фоиз ставкалари ҳаддан ташқари юқори. Оқибатда ҳамма зарар кўраяпти: банклар ҳам, тадбиркорлар ҳам, одамлар ҳам.

Шу сабабли энди намунавий лойиҳалар асосида уй қуришдан воз кечилади. Ўрнига рақобатга мос амалиёт жорий этилади. Унга кўра, энди ҳар бир қурувчи иморат лойиҳасини ҳам, дизайнини ҳам ўзи танлайди ва ўзи қуради. Бунинг учун талабгор тадбиркорлар Тошкент шаҳрида ерни аукцион орқали сотиб олади. Вилоятларда эса маҳаллий ҳокимликлар томонидан текинга ажратиб берилади.

Давлат шу йўл орқали уй-жой бозорини жонлантириш ва қурувчиларни рағбатлантиришни мақсад қилган кўринади.

Шунингдек, кам таъминланган оилаларга уй-жой сотиб олишлари учун давлат бюджетидан 1 триллион сўм субсидия ажратилиши мўлжалланяпти. Бу иш амалга ошса, шу йилнинг ўзида 10800 та кам таъминланган оила ўз бошпанасига эга бўлиши мумкин. Ҳарҳолда, шунга ишонгимиз келяпти!

Манба: platforma.uz