АДАБИЁТ

“Йўлбарс наъраси”. Менгзиё Сафаров хотирасига шеър

Менгзиё Сафаров ва Пайғамбар орол – Термиз яқинидаги Зул Кифл алайҳиссаломнинг мақбараси жойлашган орол-қўриқхона. Ўтган асрнинг 70 йилларида бу оролда ёзувчи Менгзиё Сафаров 20 йил давомида фаолият юритиб, Пайғамбар орол ҳақида асар ёзган.

Менгзиё Сафаров яратган асарлар кишиларнинг қалбини ҳаётсеварлик иштиёқи билан тўлдиради, ватанпарварлик ва инсонпарварлик туйғуларини ўстиради, инсонларни ўзаро ҳамкорлик ва биродарликка ундайди. Ёшларни улуғвор орзу-умидлар, мусаффо туйғулар билан ошна этади, юксак идеаллар йўлига чорлайди, юрт, табиат, тарих ҳақида беқиёс билимлар билан қуроллантиради.  Адиб ҳақида умидли шоиримиз сариосиёлик Нусрулло Эргаш (Насрулло Эргаш – 1988 йилда Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани Дашнобод қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг Ўзбек филологияси факультетини тугатган. “Иккимиздан қолсин аланга” (2018) китоби нашр этилган. Олий адабиёт курси магистри. Айни пайтда “Тафаккур” журналида фаолият юритмоқда.) ёзган шеър ҳам аслида ана шундай илҳомлар маҳсули бўлса ажаб эмас.

 

ЙЎЛБАРС НАЪРАСИ

Менгзиё Сафаров хотирасига

Туркийларнинг қадим ёзма ёдгорлиги «Олтин ёруғ»да битилган афсонага кўра, шаҳзода Мағастви ўз қонидан ичириб ўлаётган йўлбарс болалари ҳаётини сақлаб қолган экан.

 

Балки икки минг йил, ундан ҳам аввал

Ўзин мансуб санаб йўлбарс қавмига,

Пайғамбар оролда яшарди одам

Қурбонлик келтириб улуғ Тангрига.

 

Терисига Тангри сирли хат ёзган

Жонзотни муқаддас биларди одам.

Агар сал оч қолса, томирин кесиб,

Унга ўз қонидан берарди одам.

 

Йўлбарс боласидай қувлашиб ўтган

Йилларнинг ҳам охир ўзгарди тарзи.

Энди душман бўлган одам қўлидан

Асраб қололмади йўлбарсни тангри.

 

Илоҳий имлода хатлар битилган

Йўлбарс терисини ёндирди одам.

Кўнгил хуши учун ўлдириб уни,

Ҳайвоний нафсини қондирди одам.

 

Бир замон қонини бериб тутинган

Қондошин қонига тўймас эди у.

Ҳатто уясида энди туғилган

Боласини омон қўймас эди у.

 

Пайғамбар оролда ўсган ҳар гиёҳ

Бир чеккадан териб битирди одам.

Йўлбарс аждодини эса аямай

Барчасини қириб битирди одам.

 

Энг охирги бир жуфт йўлбарс изидан

Таъқиб этар экан Шакаман овчи.*

Амударё деган дарё бўйини

Улар маскан тутди одамдан қочиб.

 

Бир кун ётар эди дарё бўйида

Эркаги қуёшга тутиб кифтини.

Шундоқ ёнбошида сув ичиб турган

Балиқ ютиб кетди унинг жуфтини.

 

Ҳайҳотдай оролда қолди бир ўзи,

Амударё қолди маъюс увиллаб.

Бир замон пайғамбар алқаган орол

Қарғалган оролдай қолди ҳувиллаб.

 

Қирқ кун дарё бўйин қўриб ётди оч

Чилла сақлагандай эслаб холиқни.

У кутиб ётарди олай деб қасос

Жуфтини ямлаган очкўз балиқни.

 

Қирқ биринчи куни кўринди балиқ,

Сувдан сакраб чиқди ваҳший қонсираб.

Унинг оч бўғзига тишларин санчиб,

Улоқтирди сувсиз қирғоққа қараб.

 

Балиқлар шоҳини айлагач гумдон,

Олиб бўлгач ёлғиз жуфти хунини,

Йўл олди кимсасиз саҳролар томон,

Мангу ташлаб кетди туққан юртини…

 

Шундан бери ёлғиз кезиб дунёни

Йўлбарс наъра тортар, кўзида малол.

У мангу яшайди, чунки ҳар куни

Тушларига кирар Пайғамбар орол.

 

Қаламим мана шу жойга етганда

Бизнинг ҳам қиссамиз тугади, дўстлар.

Аммо, ишонаман, бир кун барибир

Пайғамбар оролга қайтади йўлбарс!

 

2020

 

 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan