Uncategorized

Ўзбекистон ва АШҚ вазирлари Пентагонда учрашишди

Бугун АҚШ Мудофаа вазирлиги жойлашган Пентагонга Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ташриф буюрди. Ҳарбийлар иштирокидаги расмий кутиб олиш маросимидан кейин Комилов АҚШ муваққат Мудофаа вазири Крис Миллер билан бир соатдан ошиқ мулоқот қилди.

Пентагонга кўра, Ўзбекистон – АҚШнинг ишонган стратегик шериги.

Хавфсизлик юзасидан ҳамкорлик Вашингтон ва Тошкент учун бирдек юксак аҳамиятга эга экани қайд этилди.

Трамп маъмурияти яқин келажакда Афғонистондаги қўшинлар сонини янада камайтириш ҳаракатида экан, Миллер Комиловга бу мамлакатда тинчликка эришиш йўлида қўшаётган ҳиссаси учун миннатдорчилик билдирган.

Миллернинг таъкидлашича, Пентагон Афғонистонни ўз ҳолига ташлаб қўймайди. Америка бу давлатни ривожлантириш, иқтисодий-ижтимоий тараққий этишида ёрдамлашишга бел боғлаган.

Мудофаа вазири, шунингдек, Афғонистон эндиликда Марказий Осиёдаги интеграцион жараёнларда иштирок этаётганини олқишлаган.

Афғонистонда барқарорлик барҳам топиши учун қурол эмас, музокара иш беради, деган мазмундаги баёнотлар янграган.

Комилов Вашингтонда АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус элчиси Залмай Ҳалилзод билан ҳам учрашган. Ўзбекистон элчихонасида кечган мулоқотда афғон сиёсий гуруҳлари орасида кетаётган музокаралар қай нуқтада экани ва тинчлик учун нима қилмоқ зарурлиги борасида сўз кечган.

Ҳалилзод дейдики, Афғонистонда тотувлик бўлса, нафақат бу юрт, балки Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари ва Покистон учун мисли кўрилмаган иқтисодий имкониятлар очилади.

АҚШ дипломатининг баён қилишича, Ўзбекистон, АҚШ, Покистон ва Афғонистон яқин орада регионал фонд ташкил этиб, савдо тизимларини яратиш ва тараққиёт учун янги лойиҳалар бошлайди.

Комилов ва Миллер мулоқотида муҳокама қилинган яна бир мавзу: Ўзбекистон мудофаа тизимларини замонавийлаштириш. Америка бу борада кўмаклашишда давом этади.

Контртерроризм, чегара хавфсизлигини таъминлаш ва ҳарбий секторнинг салоҳиятини оширишда ҳам икки давлат ҳамкорликни давом эттиради.

Ўзбекистон учун Афғонистон бугунга келиб Марказий Осиёнинг бир қисми экан, Комилов АҚШнинг минтақадаги ролини юқори баҳолаган.

Миллернинг айтишича, Ўзбекистон суверенитети ва мустақиллигини қувватлаш – АҚШнинг стратегик мақсадларидан бири. 2020-йилнинг бошида янгиланган стратегияда Марказий Осиёнинг ҳар бир давлатига нисбатан шундай ёндашиш белгиланган.

Манба: Америка овози

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan