Uncategorized

Термизда “Ҳамкорлик-2021” Ўзбекистон-Қозоғистон қўшма ўқуви бўлиб ўтди

Ҳарбий хизматчиларимиз яқинда қозоғистонлик ҳамкасблари иштирокида икки томонлама ўқув-машғулотларида иштирок этиб қайтганди.

Минтақада тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, қўшни давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасида ўтказилиб келинаётган икки томонлама ўқув-машғулотлари “Термиз” полигонида давом этди.

Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Етти кун давомида икки давлат ҳарбий хизматчилари “Ҳамкорлик – 2021” қўшма ўқувнинг асосий фазасига пухта тайёргарлик кўрди. Меҳмонлар “Термиз” полигони имкониятларидан фойдаланиш билан бир қаторда турли маданий дам олиш дастурларидан баҳраманд бўлишди. Улар учун тадбир ташкилотчилари томонидан Термиз шаҳрининг тарихий обидаларини намойиш этувчи масканларга экскурсия уюштирилди.

“Термиз” полигони ўқув-тактик майдонидаги жанговар ҳаракатларни кузатиш учун Сурхондарё вилоятига ташриф буюрган Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов ҳамда Қозоғистон Республикаси мудофаа вазири генерал-лейтенант Мурат Бектановларни вилоят ҳокими Тўра Боболов ва бошқа расмийлар Термиз халқаро аэропортида кутиб олди.

Меҳмонлар “Термиз” полигони махсус ўқув нуқталарида ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар томонидан намойиш этилган кўргазмали чиқишларни кузатишдан бошланди. 45 та тўсиқлардан иборат мажмуамий маҳсус-тактик машқлар йўлаги, отлиқ марафон каби 50 га яқин ўқув нуқталарида моҳирлик билан ҳаракат қилаётган ўзбекнинг Алпомишдек ўғлонларни барча катта қизиқиш билан кузатди.

“Ҳамкорлик – 2021” қўшма ўқуви ўқув-тактик майдонида уч юзга яқин ҳарбий хизматчилар иштироки таъминланиб,
элликдан ортиқ ҳарбий техникалар жалб этилди. Шартли душман тўдаларини йўқ қилишда қирувчи самолётлар, жанговар вертолётлар, зирҳли техникалар, артиллерия, мотоўқчи бўлинмалар, учувчисиз учиш аппаратларидан кенг кўламда фойдаланилди. Ўқув дастурига кўра чегара ҳудудини бузиб киришга уринган ноқонуний қуролланган жангари тўдаларга қарши жанг олиб бориш жараёнида томонлар жанговар тактик- ҳаракатларни амалга оширди. Аниқликда қилинган ҳаракатлар натижасида шартли душман тезда яксон қилинди.

Якунда “Ҳамкорлик – 2021” қўшма ўқувида иштирок этган икки давлат ҳарбий хизматчилари тадбирнинг тантанали ёпилиш маросими учун сафланди. Унда сўзга чиққан ҳар икки давлат вакиллари икки давлат ҳарбий хизматчиларининг ўзаро тажриба алмашинишида бундай ўқувларнинг ўрни муҳим эканлигини таькидлади. Шунингдек, қўшма ўқувда фаол иштирокчилари ҳар икки давлатнинг Мудофаа вазирларининг буйруғига кўра фаҳрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Бундай қўшма ўқувлар ҳарбий ҳамкорлик соҳасини ривожлантириш ва жанговар биродарликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan