Uncategorized

Шахс меҳнатга мажбурлагани учун кимга қандай жавобгарлик бор?

Амалдаги қонунчиликка кўра, ҳар қандай ҳуқуқбузарликнинг содир этилиши юридик жавобгарлик учун асос бўлади. Юридик жавобгарликнинг 4 асосий кўриниши мавжуд: жиноий, маъмурий, интизомий ва фуқаролик-ҳуқуқий.

Пахта даласида содир бўлган нохуш воқеага алоқаси бўлган ҳар қандай мансабдор шахс ёки давлат органига нисбатан юқорида санаб ўтилган жавобгарлик турларининг биттаси ёки бир нечтаси қўлланилиши мумкин.

Мактаб ва бошқа ўқув муассасалари ўқувчи-талабаларининг пахта теримига ноқонуний жалб этилгани учун ушбу ўқув масканлари раҳбарлари ҳам жавобгарликка тортилиши мумкин.

Бунда энг аввало, умумтаълим мактаби директорлари масъулдир, чунки қонунчиликка кўра мактабнинг ўқув-тарбия жараёнига ва кундалик фаолиятига бевосита раҳбарликни директор амалга ошириши белгиланган.

Пахта даласидаги доктор ёки ҳамширанинг жавобгарлиги ҳам унинг мажбуриятларидан келиб чиқиб белгиланади.

Мажбуриятлар доираси кўп ҳолатларда меҳнат шартномасида ва шу каби бошқа ҳужжатлар билан белгиланади.

Масаланинг қийин жиҳати шундан иборатки, тиббиёт ходимларининг пахта даласига чиқиб пахта тераётганларга тиббий ёрдам кўрсатиши ҳеч қандай расмий ҳужжатда белгиланмаган. Шундай бўлса ҳам, пахта далаларига тиббиёт ходимлари бириктириляпти ва улар пахта терувчиларнинг соғлиғи учун масъулдирлар.

Юқоридаги давлат органлари ёки мансабдор шахслар хатти-ҳаракатлари устидан шикоят аризасини ёзишдан олдин, ҳуқуқбузарлик учун масъул бўлган мансабдор шахсга ҳуқуқбузарлик зудлик билан тўхтатилишини, акс ҳолда юқори турувчи давлат органи ёки мансабдор шахсга шикоят аризаси билан мурожаат қилишингизни айтишингиз мақсадга мувофиқ.

Ҳаттоки сизга нисбатан қилинган ҳуқуқбузарликлар ҳақида оммавий ахборот воситаларига хабар беришингиз ҳақида ҳам огоҳлантиришингиз мумкин. Баъзан шундай иш тутилганда, шикоят ёзишга ҳожат қолмайди ва сизга нисбатан қилинган ҳуқуқбузарликка чек қўйилади. Тегишли давлат органлари ёки мансабдор шахслар юборилган шикоятларни ўрганмасдан эътиборсиз қолдирса, улар амалдаги қонунчиликни бузган ҳисобланади ва бунинг учун маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Камолиддин Муродов, Жиноят ишлари бўйича Денов туман суди раиси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan