Uncategorized

Жиноят оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш юзасидан даъво аризаларни судда кўриш тартиби

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2007 йил 02 октябрдаги “Фуқаролик ишларини кўришда судлар томонидан далилларга оид қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 11-сонли Қарорининг 4-бандига кўра, маъмурий ҳуқуқбузарлик иши бўйича суднинг қонуний кучга кирган қарори ҳамда жиноят ишини реабилитация асосларисиз тугатиш ҳақидаги тергов органи ва суд ажримида қайд этилган ҳолатлар шу билан боғлиқ фуқаролик иши кўриб чиқилишида қайта исботлашни талаб қилмайди” деб белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси ФПК нинг 72-моддаси 1-қисмига кўра, ҳар бир тараф ўзининг талаблари ва эътирозларига асос қилиб кўрсатган ҳолатларни исботлаши шарт деб кўрсатилган. Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 138-моддаси 1-қисмига кўра “ҳал қилув қарори қайси тарафнинг фойдасига чиқарилган бўлса, суд шу тарафга иккинчи тарафдан, гарчи бу тараф давлат даромадига тушадиган суд харажатларини тўлашдан озод этилган бўлса-да, иш бўйича қилинган ҳамма харажатларни ундириб беради”.

Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 141-моддаси 1-қисмига кўра, “ишни кўриш билан боғлиқ бўлган ва даъвогар тўлашдан озод қилинган суд чиқимлари ҳамда давлат божи жавобгардан арз қилинган талабларнинг қаноатлантирилган қисмига мутаносиб равишда давлат даромадига ундирилади” деб белгиланган. Ўзбекистон Республикасининг Давлат божи тўғрисидаги қонунининг 8-моддаси 5-бандида жиноят туфайли етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан даъвогарлар давлат божи тўлашдан озод этилганлиги кўрсатилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судида моддий ва маънавий зарарни ундириш юзасидан даъво аризаси кўриб чиқилди.

Даъвогар Б.И жавобгар А.О.га нисбатан “жиноят оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш ҳақида”ги даъво аризаси билан судга мурожаат қилган. Суд мажлисида сўралган даъвогар Б.И ўз тушунтиришида, 2021 йил 1 май куни А.М.дан қарзини сўраб бориб келган пайтда унинг укаси жавобгар А.О билан оғзаки тортишиб қолиб, дуч келган жойига уриб, қўл ва оёғини тепиб синдириб, терговда аниқлашнинг имкони бўлмаган шлакаблок бўлаги билан бош қисмига уриб тан жароҳати етказганлигини, шундан сўнг касалхонада ётиб даволанганлигини, жиноят ишлари бўйича суднинг ҳукмига кўра, А.О Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 105-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланганлигини, касалхонада даволанганлиги учун жами 29.133.400 сўм сарфлаганлигини, жавобгар моддий зарар учун 6.000.000 сўм берганлигини, қолган моддий зарарларини бермаганлигини, оилада ёлғиз боқувчи эканлигини, оиласида ногирони ҳам борлигини шу сабабли 100.000.000 сўм маънавий зарар кўрганлигини билдириб даъво аризасини қисман қаноатлантириб, 23.133.400 сўм моддий ва 100.000.000 сўм маънавий зарар ундиришни сўраган.

Суд мажлисида сўралган жавобгар А.О ўз тушунтиришида, даъвогарнинг даъвосини тан олмасдан, даъвогар даъволанганлиги учун қилган харажатларини яъни моддий зарари учун 6.000.000 сўм берганлигини, лекин маънавий зарар тўлолмаслигини билдириб даъвогарнинг даъвосини рад қилишни сўраган.

Суд иш материаллари билан танишиб чиқиб, тарафларнинг тушунтиришларини эшитиб, ишда мавжуд бўлган ҳужжатларга ҳуқуқий баҳо бериб, қуйидагиларга асосан даъвони қисман қаноатлантирган. Ишдаги мавжуд ҳужжатларга ва суд мажлисида аниқланишича, 2021 йил 1 май куни даъвогар Б.И жавобгар А.О.нинг акаси А.М.дан қарзини сўраб борган пайтида укаси яъни жавобгар билан оғзаки тортишиб қолишган, натижада жавобгар А.О даъвогар Б.И.нинг дуч келган жойига уриб, қўл ва оёғини тепиб синдириб, терговда аниқлашнинг имкони бўлмаган шлакаблок бўлаги билан бош қисмига уриб тан жароҳати етказган. Даъвогар томонидан тақдим этилган даволаниши учун қилинган тўлов квитанциялари ва тўлов чекларига кўра 6.000.000 сўмга яқин тўловларни амалга оширган.

Жиноят ишлари бўйича суднинг ҳукмига асосан А.О томонидан депозидга қўйилган 6.000.000 сўм пул маблағи Б.И.нинг фойдасига ундирилган. Суд мажлисида даъвогар ушбу 6.000.000 сўм пул маблағини жавобгардан олганлигини тан олган. Шунга кўра жавобгар А.О томонидан даъвогар Б.И.га 6.000.000 сўм моддий зарар учун берганлигидан далолат беради. Даъвогар даъво талабининг қолган қисмини исботловчи далилларни ва ҳужжатларни судга тақдим этмади. Шу сабабли суд даъво талабининг моддий зарар ундириш қисмини рад қилган.

Суд даъво талабининг маънавий зарар ундириш қисмини муҳокама қилиб, мазкур ҳолат бўйича даъвогар бирор-бир иш қилолмасдан жисмоний ва руҳан азобланганлигини, оилада ёлғиз боқувчи эканлигини, оиласида ногирони ҳам борлигини инобатга олган ҳолда жавобгар томонидан даъвогарнинг фойдасига етказилган маънавий зарарни 7.000.000 сўм деб баҳолайди. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1022-моддасига кўра, “Маънавий зарарни қоплаш миқдори жабрланувчига етказилган жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусиятига, шунингдек айб товон тўлашга асос бўлган ҳолларда зарар етказувчининг айби даражасига қараб суд томонидан аниқланади.

Зарарни қоплаш миқдорини аниқлашда оқилоналик ва адолатлилик талаблари эътиборга олиниши лозим. Жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусияти маънавий зарар етказилган ҳақиқий ҳолатлар ва жабрланувчининг шахсий хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан баҳоланади. Маънавий зарар тўланиши лозим бўлган мулкий зарардан қатъи назар қопланади” деб белгиланган.

У.Мамадиев, Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро суди раиси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan