Uncategorized

Узундан савол: Ярим кўчанинг асфальти қаерга йўқолди?!

Таҳририятимизга Узун тумани “Ёшлик” маҳалласи фуқароларидан мурожаат келиб тушди. Қуйида мурожаат матнини келтирамиз:
“Сурхондарё вилояти Узун туманида жойлашган Ёшлик маҳалласи 2020-йил август ойида “Обод қишлоқ” давлат дастури асосида маҳалламиз кўчаси асфальт қилиниши кўзда тутилган эди. Ўша йили дастур доирасида ишлар жадаллик билан бошлаб юборилди. Дастлаб кўчага қум тўкилди, текисланди. Эртаси куни кўчанинг ярмидан кўпроқ қисмига асфальт ҳам ётқизилди.

Аммо кўчанинг 6 та уй жойлашган қисми асфальт қилинмай қолди. Ушбу ҳолатга мутасаддилардан изоҳ сўраганимизда бир ой ичида кўчага тўлиқ асфальт қопламалари ётқизилади, дейишганди. Мана орадан оз эмас, кўп ҳам эмас нақд бир ярим йил вақт ўтган бўлишига қарамай, “Обод маҳалла” давлат дастури асосида тўлиқ асфалт қилиниши керак бўлган кўчада ишлар ўлда-жўлда қолиб кетди.
Ёмғирли кунлар бошланиши билан кўчамизда сув тўпланиб, лой бўлиб қолмоқда. Кўчамиз тўлиқ асфальт қилинишини соҳа мутасаддилари ўз назоратларига олишларини ва амалий ёрдам беришларини сизнинг ахборот нашрингиз орқали сўраб қоламиз” – дейилади мурожаатда.

Ҳа-я, яна бир гап. Узун-қулоқ гапларга қараганда, мазкур кўчанинг асфальт қилиниши керак бўлган қисмининг қурилиш материаллари бошқа кўчага юборилиб, дастурга киритилмаган кўча асфальтланганлиги ҳам айтилмоқда.
Ушбу мурожаат юзасидан тегишли идоралардан расмий муносабат, амалий ҳаракат кутиб қоламиз.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan