ЖАМИЯТ МУЛОҲАЗА

Тўлови амалга оширилган чиқиндилар қачон олиб кетилади ёхуд “йиғлаётган” кўчалар

Таҳририятимизга келган фуқаро мурожаатида, Сариосиё тумани Шарғун шаҳрида маиший чиқиндилар масъул ташкилот “Sharg’un Kommunal Foydalanish” МЧЖ томонидан белгиланган график асосида олиб кетилмаётганлиги айтилган. Шунингдек, шаҳар ҳудудида маиший чиқиндиларнинг меъёрдан ортиқ тўпланиб қолаётганлиги, бу эса, атроф-муҳитга сезиларли даражада салбий таъсирини кўрсатиб, аҳолининг кескин норозилигига сабаб бўлаётганлиги маълум қилинган.

Фуқаро мурожаатга асос тарзида Шарғун шаҳар ҳокимлигининг Сурхондарё вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига ва Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига юборилган хати нусхасини, шу билан бирга, маиший чиқиндиларнинг тўпланиб қолган жойларнинг фототасвирлари юборилган.

Хатга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 сентябрдаги “Санитария жиҳатидан тозалаш соҳасидаги хизматлар кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш учун ҳудудларни бириктириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги 765-сонли қарор ижросини таъминлаш мақсадида, “Электрон-онлайн аукционларни ташкил этиш маркази” ДУК томонидан 2020 йил 11 майдаги Шарғун шаҳар ҳудудида маиший чиқиндилар билан боғлиқ бўлган хизматларни олиб бориш бўйича ўтказилган аукционда “Sharg’un Kommunal Foydalanish” МЧЖ ғолиб бўлиб, ушбу корхонага “Электрон-онлайн аукцион натижалари тўғрисида”га ТН-0800-00001-сонли баённомаси тақдим этилган.

 

Ҳозирги кунда ушбу корхона тасарруфида бир дона “Газ-53” русумли юк автомашинаси мавжуд бўлиб, махсус маиший чиқинди ташиш техникалари ва чиқинди тўплаш яшиклари мавжуд эмаслиги келтириб ўтилган.

Агар мазкур маълумотлар тўғри бўлса, “электрон аукцион” ё номига ўтказилган ё унда қатнашганларнинг энг “зўр”и юқоридаги ташкилот бўлган (бу эҳтимол ҳақиқатдан анча узоқ).

Нима бўлмасин, бори шуки айни пайтда мурожаат муаллифи “тўловларни амалга оширганимиздан кейин марҳамат қилиб, чиқиндини олиб кетишсин” дея талаб қўймоқда. Умид қиламизки, масалага Сариосиё тумани ҳокимлиги даражасида эътибор қаратилади. Мавзуга яна қайтамиз.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan