ДУНЁ

Франция бош вазири истеъфога чиқади

Францияда бюджет тақчиллиги ортидан парламент бош вазир Франсуа Байру ҳукуматига ишончсизлик вотумини билдирди.

Fransiya bosh vaziri

8 сентябр куни Миллий мажлисда 364 депутат Байру ҳукуматига қарши овоз берди. Унинг жамоаси саккиз ойдан сал кўпроқ фаолият юритди, холос. Президент Эммануэл Макрон уни 2024 йил декабрда тайинлаганди.

Бугун Байру президентга истеъфо аризасини тақдим қилиши кутилмоқда. У Макрон даврида олтинчи, 2022 йилдан бери эса бешинчи бош вазир бўлиб қолди. Кейинги кунларда Макрон янгисини тайинлаши керак бўлади.

Ишончсизлик масаласини Байрунинг ўзи кўтарганди. У парламент қўллаб-қувватлайди, деган умидда бюджет тақчиллигини қисқартириш режаларини ҳимоя қилди. Францияда дефицит 2024 йилда ЯИМнинг 5,8 фоизини ташкил этди, давлат қарзи эса 2025 йил биринчи чорагида 3,3 трлн еврога етди.

Оппозиция босимида Макрон парламентни тарқатиш ёки яқинда янги ҳукумат тузиш ўртасида қарор қабул қилиши зарур бўлади. Янгидан шаклланадиган ҳукуматнинг энг асосий вазифаси — бюджетни қабул қилиш. Бу масала Байру иш бошлаганда ҳам энг катта муаммо сифатида турганди.

2017 йилдан буён Францияда тез-тез ҳукумат алмашмоқда. Аввал Эдуар-Шарл Филипп, кейин Жан Кастекс, Элизабет Борн, Габриэл Аттал ва Мишел Барне бош вазир бўлган. Эндиликда эса Макрон ўзининг навбатдаги бош вазирини излашга мажбур.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan