МАДАНИЯТ МУЛОҲАЗА Фойдали

Пайғамбарлардан мерос қолган улуғ насиба

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: «Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Фаришталар толиби илмни қилаётган ишидан рози бўлган ҳолларида қанотларини қўядилар. Олимга осмондагилар, ердагилар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтишади. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Олимлар анбиёларнинг меросхўрларидир. Анбиёлар динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаганлар. Улар илмни мерос қолдирганлар, холос. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди».

Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ва Байҳақийлар ривоят қилишган.

Шарҳ: Толиби илм илм талабида юрар экан, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Чунки инсон дунё ва охиратига фойдали бўлган илм олар экан, Аллоҳни танийди, Унга бўлган тақвоси, хавфи ортади, ҳалол ва харомни ажратади…

Фаришталар толиби илмнинг қилаётган ишидан рози бўлиб, қанотларини, баъзи таъвилларда, «уларнинг оёқ остиларига қўядилар», бошқа бир таъвилда эса «учишдан тўхтаб, илм билан машғул кишиларни ўраб оладилар, уларнинг раҳматлари ва нурларидан баҳраманд бўлишга уринадилар», дейилган. Нима бўлганда ҳам, илм толибининг Исломда қадри баландлиги ва илм талаб қилиш улуғ даража эканини кўрсатади.

Олимга осмондагилар – фаришталар, ердагилар – инсу жин ва ҳайвонлар истиғфор айтишади. Истиғфор айтиш эса бировнинг ҳаққига дуо қилишдир.

Олим – диний илмларни яхши билувчи шахсдир. Обид – ибодат қилувчи, доимо ўзи учун ибодат билан машғул кишидир. Осмонга қараган одамга ой катта бўлиб кўринади, у ер юзига нур сочади. Юлдузлар эса кичкина бўлиб кўринади, уларнинг нури ўз атрофини зўрға ёритаётгандек кўринади. Қоронғу кечада осмонга боққан инсон ойнинг юлдузлардан қанчалик афзал эканини дарҳол пайқайди. Олим кишининг фазли ҳам шундайдир. Обидлар юлдузлар каби фақат ўзлари учун ёруғлик чиқарсалар, олим киши қоронғу кечада нур сочган ой каби жоҳилият зулматида юрган одамларга Ислом ҳидояти нурини сочади. Обиднинг манфаати фақат ўзи учун бўлса, олимнинг манфаати ҳамма учун бўлади.

«Албатта, олимлар анбиёларнинг меросхўрларидир». Мана шу жумла бу ерда гап диний олимлар ҳақида кетаётганига ишорадир. Демак, уламоларимиз оддий кишилар эмас, пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаганлар. Улар илмни мерос қилиб қолдирганлар. Кимда-ким ўша пайғамбарлардан мерос қолган илмни олса, улуғ насибани олган бўлади. Пайғамбарлар меросидан ҳам улуғ насиба бўлиши мумкинми?!

«Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан

 

 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan