МАДАНИЯТ

МАЪНАВИЯТ ТАРҒИБОТЧИЛАРИ ГУЛИСТОН МАҲАЛЛАСИДА

Шўрчи туманининг “Гулистон” маҳалласида ўтказилган “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” маънавий-маърифий тадбирига Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулова ижросидаги гўзал тароналар ўзгача шукуҳ бағишлади.

Эл севган санъаткор Гулбаҳор Эрқулова ижросидаги “Бандаман” қўшиғи томошабинларнинг давомли олқишига сазовор бўлди. Шундан сўнг маънавият тарғиботчиларининг навбатдаги манзили “Кушон” маҳалласи бўлди.

Жўра бобо Мамашукуров туманнинг “Кушон” маҳалласида истиқомад қилади. Тўқсон беш ёшни қаршилаган отахоннинг гўзал қўшиқлару жозибали рақслар ила хонадонига меҳмон бўлиб келган санъаткорларни, маънавият тарғиботчиларини кўриб кўнгли тоғдек кўтарилди.

Айниқса, Гулбаҳор Эрқулованинг жонли ижрода куйлаган қўшини тинглаб, Розахон Ражапованинг жозибали рақсини томоша қилиб қувонди.

Маънавият тарғиботчилари ва журналистлар иштирокида медиа тур ташкил этилди. Таниқли археолог олим Баҳодир Турғунов қазиш ишларини олиб бораётганида 115 хил тилла буюм жойланган сопол кўзага дуч келган.

Гардиш буюмлар, қуйма ёмбилар, эркак ва аёлларнинг турли тақинчоқларидан иборат жавоҳиротда феруза кўзли, зарҳал иплардан ишланган нафис маржонлар ҳам жой олган. Бу зебу-зийнатлар антик дунё заргарлик санъатининг ноёб намунаси сифатида ҳозир ҳам ўз қадр-қимматини йўқотмаган. Бу манзил Шўрчи туманидаги қадимий тепалик Кушонлар даври маданияти сақланиб қолган ноёб ёдгорлик Далварзинтепадир.

Медиа тур иштирокчилари Кушон подшолиги даврига оид кўплаб асори-атиқалар сақланаётган музейдан сўнг далварзинтепага чиқишди.

Нигина ШОЕВА, журналист

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan