АДАБИЁТ ДУНЁ ЖАМИЯТ ИЛМ-ФАН ҚИЗИҚАРЛИ МАДАНИЯТ МУЛОҲАЗА ЎЗБЕКИСТОН

ТИЛНИНГ ОФАТИ – НУТҚНИНГ НОМАЪҚУЛЛИГИДА

21 октябрь санаси, шубҳасиз, мамлакатимиз тарихидаги энг қутлуғ саналардан бири. Бу кунда Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги қонуни қабул қилиниб, тилларни ўрислаштириш сиёсати юритилган совет даврида халқимизнинг ўзига хос жасорати тимсолига айланган эди.

Тил инсониятнинг мулоқот воситаси. У асосан одамларнинг оғзида ва ёзувларда яшайди. Демак, оммавий чиқишларда албатта нутқнинг адабий нормалар даражасида бўлишига эришиш мақсадга мувофиқ. Шевага хос бўлган тил воситаларини нутққа ўринсиз олиб кириш нутқни бузади албатта. Рости, тилимизга бепарволик бор ҳолат. Ушбу умумий лоқайдлик матбуот тилига, бадиий тилга ҳам ўз салбий таъсирини кўрсатади ва афсуски кўрсатмоқда. Ҳаётимиздаги асосий тарғиботчи ҳисобланган телевиденияда эса нутқдаги ғализликларнинг кузатилиши бизнинг маънавиятимизга асло ярашмайди. Зеро, бобомиз Алишер Навоий ўзининг “Маҳбуб ул-қулуб”асарида:

Тил – шунча шарафи билан нутқнинг қуролидир.

         Агар нутқ номаъқул бўлиб чиқса – тилнинг офатидир, дея бежиз таъкидламаган.

Тил пала-партиш ва кириб келадиган ёт сўзлар ҳисобига қашшоқлашади. Кейинги пайтларда шу салбий ҳодиса кузатиляпти, одамларда тилимизга бўлган эътибор пасайиб кетяпти. Бу эса, тилнинг келажагини хавф остига қўяди.

Одатда тилни бузиб гапиришда ёшларни кўпроқ айблаб келамиз. Афсуски, ёши катталар ҳам ўз нутқини назорат қилмаслиги, ўзини “маданиятли” қилиб кўрсатмоқчи бўлиши, ўзини русчани ҳам билишини намойиш этишга интилиши орқасидан варваризмлар нутқимизга кириб келмоқда. Ачинарли жиҳати бунга қулоқларимиз ҳам ўрганиб қолмоқда. Мисол учун, “шес секундда ест қиламиз”, “пешаходда тўхтанг”, “карочи гаплашамиз”, “ажидания экансиз”, “бу сенинг проблеманг”, “очирид кўп экан”, “ишларинг чёткими”, “телефонингиз занят”, “уже ҳал бўлди братан”, “заказ қилдим”, “пластикни нал қилдингми”, “продуктага кетаябман” кабиларни кўплаб келтириш мумкин. Энг ёмони, ташқаридан кимдир ўзбекча сўзларни тилимиздан мажбуран сиқиб чиқармаяпти, ўзимизнинг ихтиёримиз билан қилаяпмиз буни. Буларни танқид эмас, куюнчаклик деб қабул қилинг. Сабаби, ён қўшнимиз афғонистонлик ёш ўзбекларнинг она тилимизда сўзлаши ва унга бўлган юксак эътиборини шахсан гувоҳи бўлиб, хижолатда қолганим бор гап.

Фикри ожизимизча, юқоридаги номақбул сўзларни ишлатмаслик, нутқда равонликка эришишда кўпроқ китоб ўқиш, бадиий китоблар мутолааси билан тизимли равишда машғул бўлиш, нутқга бепарволик билан қарамаслик, сўзни қадрлаш, “сўзни кўнгилда пишитмагунча тилга олма” ҳикматига амал қилиш, ўз тилига ҳурмат билан қараш, фарзандлармизни ёшлигидан юқоридаги келтирилган мулоҳазаларга амал қилишига ўргатиш ҳамда тил қайғусини халқ ҳаракатига айлантириш зарур деб ҳисоблаймиз.

Тилимизнинг ривожланиши учун давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси туфайли амалга оширилаётган ишлар унинг нуфузи ва мавқеининг ошишида муҳим қадам бўлмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида дунё парламентлари ўртасида ўхшаши йўқ бўлган Норматив-ҳуқуқий атамалар комиссияси фаолият олиб боради. Комиссия – қонун лойиҳаларида норматив-ҳуқуқий атамаларнинг қонун ҳужжатларида қабул қилинган маъносига мувофиқ ҳолда, турлича изоҳлаш эҳтимолини истисно этадиган тарзда, ягона шаклда ва тўғри қўлланилишини, қонун лойиҳаларида адабий тил қоидалари ва нормаларига ҳамда юридик, техник ва бошқа махсус қоидаларга риоя этилишини таъминлаш бўйича иш олиб боради.

Тўғриси кейинги вақтларда депутатлар томонидан қонун лойиҳаларининг муҳокамаси жараёнида ўзбек тили қоидаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганлиги хурсанд қиладиган жиҳат. Лекин, ҳали қонун ижодкорлиги соҳасида тил қоидаларига амал қилиш бўйича талайгина ишлар мавжуд.

Яна бир жиҳат, ЮНEСКО маълумотига кўра, бугунги кунда сайёрамизда 7 минг атрофида тил мавжуд бўлиб, уларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида турибди. Ўтмишда 9 мингдан ортиқ тил мутлоқ йўқолиб кетган. Тил сақланиб қолиши учун унда камида бир миллион киши сўзлашиши лозим. Бундай тиллар дунёда атиги 250 тани ташкил этади. Бугунги кунда ўзбек тилини дунё бўйича 30 миллиондан кўпроқ одам она тили деб билади. Унда сўзлаша оладиганлар сони эса тахминан 50 миллионга етибди.

Бундан кўрнадики, тилимиз йўқолиб кетмайди, аммо бузилиб кетаётгани кўнгилларда хавотир уйғотади.

Лингвист олимларнинг фикрича, яна 25 йилдан сўнг ҳозир муамолада бўлган тилларнинг ўнтасидан биттаси сақланиб қолар экан.

Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний ёзганидек: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”,-деган эди. Дарҳақиқат, тилимизнинг обрўйи, унинг софлиги ва тараққиёти ҳақида барчамиз қайғуришимиз зарур. Зеро, тил — давлат тимсоли.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Қонунчилик палатасидаги Норматив-ҳуқуқий

атамалар комиссияси аъзоси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan