Шавкат Мирзиёев Финляндия президенти Александр Стубб билан суҳбатда ушбу ташрифга тайёргарлик масалаларини муҳокама қилди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 9 сентябр куни Финландия президенти Александр Стубб билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Финландия раҳбари Тошкентга ташриф буюриши кутилмоқда. Суҳбатда кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳаларда кенгайтириш масалалари ушбу ташрифга тайёргарлик нуқтаи назаридан атрофлича кўриб чиқилган.
Конструктив сиёсий мулоқотлар ва парламентлараро алмашинувлар давом этаётгани қайд этилган. 2024 йилда товар айирбошлаш 24 фоизга ошди. 2022 йилдан Ўзбекистонда Финляндиянинг «Нордик» университети фаолият юритмоқда, мактаб таълимини ривожлантириш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Томонлар қишлоқ хўжалиги, кимё, энергетика, кончилик, телекоммуникация ва бошқа инновацион тармоқларда кооперацияни йўлга қўйиш, жумладан, таълим тизимига илғор технологияларни жорий этиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратган.
Аниқ лойиҳаларни тайёрлаш учун Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва икки мамлакат етакчи компаниялари иштирокида бизнес форумини ўтказиш таклиф қилинган.
Халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилган. Низоларни халқаро ҳуқуқ нормалари асосида тинч йўл билан ҳал этиш муҳимлиги таъкидланган.