ҲУҚУҚ

Адолат сари янги қадам – одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича ўзгаришлар

Суд ҳокимияти инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоялашнинг марказий таркибий қисми ҳисобланади. Судлар инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда эълон қилинган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини учун ҳуқуқий ҳимоянинг таъсирчан воситаларини таъминлаш ва инсон ҳуқуқларини бузувчиларни жавобгарликка тортиш, шунингдек, халқаро стандартларга мувофиқ ҳар қандай шахсга нисбатан ишнинг судда адолатли кўриб чиқилишини таъминлашда муҳим рол ўйнайди.

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимизни модернизатсия қилиш ҳамда ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш бўйича устувор йўналишларни амалга ошириш мақсадида ҳамда 2023 йил 30 апрелда ўтказилган референдумда умумхалқ овоз бериш орқали Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси қабул қилинганлиги Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг конституциявий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилинишига қаратилган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги Фармон 2023 йил 11 сентабр куни юртбошимиз томонидан имзоланди.

Мазкур Фармон ижроси ҳамда Суд тизими учун юқори малакали ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш тизимини халқаро стандартлар асосида янада такомиллаштириш, таълим, илм-фан ва амалиёт узвийлигини таъминлаш орқали профессионал судьялар корпусини шакллантириш мақсадида, жорий йилнинг 21 август куни “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони имзоланди.

Фармон судьялик лавозимига номзодлар учун замонавий таълим дастурларини жорий этиш, судьялар ва суд аппарати ходимларини қайта тайёрлаш ҳамда малакасини оширишнинг тизимли йўлга қўйилиши, кадрлар тайёрлашда халқаро стандартлардан фойдаланиш ва илғор тажрибаларни қўллаш, коррупсияга қарши курашиш, судьялик одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя қилиш, шунингдек, ахборот технологиялари ва сунъий интеллектдан самарали фойдаланиш орқали ўқув жараёнларини такомиллаштириш каби бир қатор вазифа ва мақсадларни ўз ичига олади.

Хусусан, Судьялар олий кенгаши, Олий суд, Адлия вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби негизида Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясини ташкил этиш ҳақидаги таклифи маъқулланиб, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби негизида Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ташкил этилди.

Бу тарихий ўзгариш билан бир қаторда академиянинг янги штат бирликлари тасдиқланди, ўқув жараёнлари учун замонавий моддий-техника базаси яратилиши белгиланди, кадрлар тайёрлашда илмий-тадқиқот ва амалий фаолият уйғунлиги таъминланганлигини кўриш мумкин. Хусусан:

Академияда амалий машғулотлар, интерактив семинарлар ва мутахассислар иштирокидаги тренинглар ташкил этилади;

Талабалар ва тингловчиларга ҳуқуқий масалаларда таҳлил, баҳс ва қарор қабул қилиш кўникмаларини шакллантириш имконияти берилади;

Сунъий интеллект ва рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда масофавий ўқув дастурлари жорий этилади.

Фармонда қайд этилган яна муҳим жиҳат шунда бўлдики, академияда таълим жараёни устоз-шогирд анъанаси асосида “бўлажак судьяни судья ўқитади” тамойилига мувофиқ ташкил этилиши бўлди десак муболаға бўлмайди чунки тегишли имтихонларга қатнашиб, ўқишга қабул қилинган ёш судья кадрларни тажрибали кўп йиллар давомида фаолият юритиб келаётган амалдаги судьялар ўз тажрибалари билан назарий ҳамда амалий жиҳатдан ўртоқлашиши бу албатта келгусида ёш судьяларимиз томонидан ҳам қонуний ҳам адолатли қарорлар қабул қилишга пойдевор сифатида кўришимиз мумкин.

Буни қарангки, мазкур кичик банднинг амалда қўлланилишининг ўзи ҳалқни судга бўлган ишончини оширишга қанчалик хизмат қилишини кўришимиз мумкин.

Эндиликда, судьялик лавозимига номзодлар мазкур академиянинг олти ойлик касбий қайта тайёрлаш курсларида давлат гранти асосида тайёрланади.

Касбий қайта тайёрлаш курсларига қабул қилиш психология, чет тиллари ва суд ихтисослиги бўйича тест синовларини ўтказиш ҳамда Судьялар олий кенгаши томонидан ташкил этиладиган идоралараро комиссия томонидан ўтказиладиган ёзма имтиҳон ва якка тартибдаги суҳбатдан иборат танлов орқали амалга оширилади. Бунда тест синовлари Академия буюртмасига биноан Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан амалга оширилади.

Бу жараёнда касбий қайта тайёрлаш курсларига киришдан олдин номзодларнинг бенуқсон обрў-эътибори, ҳалоллиги ва лаёқати Судьялар олий кенгаши томонидан ўрганилади. Натижада судьялик лавозимига фақат юксак ахлоқий фазилатларга эга, виждонли ва ҳалол номзодлар танлаб олиниши таъминланади.

Академияда судья ва суд аппарати ходимларининг мажбурий малакасини оширишнинг беш йил муддатга тайинланган судьялар — ҳар икки йилда икки ҳафтадан кам бўлмаган, ўн йил муддатга тайинланган судьялар — ҳар уч йилда икки ҳафтадан кам бўлмаган,  Олий суд судьялари, суд раислари ва раис ўринбосарлари, шунингдек, муддатсиз даврга тайинланган судьялар — ҳар уч йилда бир ҳафтадан кам бўлмаган, фаолият самарадорлиги рейтингининг паст кўрсаткичларига эга судьялар — навбатдан ташқари икки ҳафтадан кам бўлмаган, суд аппарати ходимлари — ҳар икки йилда бир ҳафтадан кам бўлмаган малака ошириш курсларида ўқитилади.

Бу эса суд тизими учун юқори малакали судья ва суд аппарати холимларини тайёрлаш тизимини халқаро стандартлар асосида янада такомиллаштириш, таълим, илм-фан ва амалиёт узвийлигини таъминлаш орқали профессионал судьялар корпусини шакллантиришга, малакали кадрлар тайёрлашнинг янги тизимини жорий этишдаги қатор устувор мақсадлар белгилаб берилганлигини ажралиб туради.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлашимиз лозимки, Президентимиз томонидан қабул қилинган мазкур Фармон тизимда изчил татбиқ этилаётган одил судловни таъминлаш бўйича кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланиб, давлат ва жамият судьяликка муносиб номзодларни танлаш, судьяларнинг малакасини ошириш янги босқичга кўтарилишига, юртимизда юқори малакали, ҳалол ва адолатли судьялар корпусини шакллантиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгилаб қуйилган аниқ мақсадли йўналишлар бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ислоҳотларнинг изчил давом эттирилишига хизмат қилади.

Зеро, муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёйев таъкидлаганидек, “Асосий мақсадимиз фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг ишончини қатъий мустаҳкамлаш, судни том маънода “Адолат қўрғонига” айлантиришдан иборатдир”.

Тоҳирбек Усмонов, Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди судьяси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan