ЎЗБЕКИСТОН ҲУҚУҚ

Фуқароликка қабул қилиш ёки фуқароликдан чиқиш учун ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиш тартибини биласизми?

Фуқароликка қабул қилиш ёки фуқароликдан чиқиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқароликни расмийлаштириш соҳасида айрим давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 8-сонли қарорининг 2-иловаси “Фуқароликка қабул қилиш ёки фуқароликдан чиқиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламенти”га асосан амалга оширилади.

Мурожаат этувчи фуқароликка қабул қилиш ёки фуқароликдан чиқиш масалалари юзасидан ўз хоҳишига кўра ЯИДХПда электрон рақамли имзодан ёки мобил ID тизимидан фойдаланиб, рўйхатдан ўтган ҳолда электрон тарзда мурожаат қилади.

Бунда Мурожаат этувчи ЯИДХП орқали:

фуқароликка қабул қилиш ёки фуқароликдан чиқиш масаласи юзасидан мурожаат этганда электрон шаклдаги сўровномани тўлдиради ва автоматик тарзда ваколатли органга юборади;

ваколатли орган “Паспорт-виза” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали уч кун иш ичида сўровномага киритилган маълумотларнинг ҳаққонийлигини текширади;

сўровномага киритилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги тасдиқланган тақдирда, ваколатли орган томонидан автоматик тарзда мурожаат этувчига СМС-хабарнома юборилади.

Сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилганлиги аниқланганда ёки тўловлар белгиланган муддатда ёки тўлиқ амалга оширилмаган тақдирда, сўровнома рад этилади ва мурожаат этувчига ЙИДХП орқали электрон равишда рад этиш сабаблари кўрсатилган ҳолда хабар берилади.

Фуқароликка қабул қилиш ёки фуқароликдан чиқиш юзасидан ЯИДХП орқали давлат хизматлари кўрсатиш учун “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланган давлат божи миқдорининг 90 фоизи тўланади.

Давлат хизмати учун тўлов мурожаат этувчи томонидан хабарнома олинган кундан бошлаб уч иш куни ичида амалга оширилади.

Мурожаат этувчи тегишли хабарномани олиб, давлат божи тўловини амалга оширгандан сўнг фуқароликка қабул қилиш ёки фуқароликдан чиқиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 10-мартдаги ПФ-6185-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги масалаларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган ҳужжатларни уч иш куни ичида ваколатли органга шахсан келиб тақдим этади.

“Е-Фуқаро” ИМБ тизимига тушган фуқаролик масаласи бўйича электрон аризалар Вазирлар Маҳкамасининг 2020-йил 16-сентябрдаги 557-сон қарори билан тасдиқланган Давлат органлари ва ташкилотларининг “Э-Фуқаро” ИМБ орқали реал вақт режимида маълумотлар базасига киритилган маълумотлар ҳамда идоралараро ўзаро электрон ҳамкорлик орқали айирбошланадиган маълумотлар схемасида белгиланган тартибда ва муддатларда текширувлардан ўтказилади ва хабар берилади.

Сўровнома рад этилган тақдирда, мурожаат этувчи томонидан қайта сўровнома тўлдирилиши мумкин.

Баҳодир Худойбердиев, Термиз туман адлия бўлими давлат хизматлари маркази директори

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan