ЎЗБЕКИСТОН

Бухородаги бир қанча оилавий боғчалар фаолияти вақтинча тўхтатилди

Бухоро вилоятидаги бир қанча оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Мактабгача таълим агентлиги ахборот хизмати xaбар берди.

Хабарга кўра, бутун республика бўйлаб босқичма-босқич Давлат-хусусий шериклиги асосидаги ҳамда оилавий нодавлат боғчаларнинг фаолияти ўрганилмоқда. Худди шундай ўрганишлардан бири Бухоро вилоятида ҳам ўтказилди.

Ўрганиш натижаларига асосан Ғиждувон туманидаги якка тартибдаги тадбиркорлар Р.М, ЙТТ Ж.Ш, ЙТТ М.Д, Ромитан туманидаги ЙТТ Н.М, ЙТТ Ҳ.М.ларнинг фаолияти вақтинча тўхтатилди.

Сабаблари: давлат боғчасида тарбияланаётган тарбияланувчиларни гўёки ЙТТ Р.М. ва ЙТТ Ж.Ш.лардаги оилавий нодавлат боғча тарбияланувчилари сифатида Нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини бошқариш ахборот тизими орқали давоматдан ўтказилгани;

давлат МТТда фаолият олиб бораётган ходим, худди шу ишлаётган давлат боғчасидаги тарбияланувчиларни ўзи очган ЙТТ М.Д.даги оилавий нодавлат боғчасидаги тарбияланувчилар ўрнига давоматдан ўтказгани;

ЙТТ Ҳ.М.да фаолият юритаётган тарбиячи Ш.Д, ЙТТ Н.С.даги тарбияланувчиларнинг тасвирини юклаб, гўёки ЙТТ Ҳ.М.нинг тарбияланувчиси сифатида давомат қилгани аниқланган.

Қайд этилишича, улар давлат буджетидан субсидияларни ноқонуний йўллар билан ўзлаштираётгани айтилган.

Тадбиркорларнинг фаолиятига қонуний чора кўриш учун ҳуқуқ-тартибот органларига тўпланган ҳужжатлар юборилмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan