ДУНЁ

Эрон Исроилдан Ўзбекистонга жўнатилган ўғитларни мусодара қилди

Эрон шимоли-ғарбидаги Бозорғон чегара пункти ходимлари Эрон орқали Ўзбекистонга транзит қилиш учун мўлжалланган Исроилда ишлаб чиқарилган калий нитрат юкини қўлга олди. Бу ҳақда 15 апрель куни эълон қилинган Эрон божхона бошқармаси (IRICA) ҳисоботига таяниб, IRNA хабар берди.

“Мусодара қилиш Эрон ҳукумати Исроил режими томонидан ишлаб чиқарилган ёки етказиб бериладиган товарлар импорти ва транзитига нисбатан чекловларни кучайтирган пайтга тўғри келди”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Эрон томонидан бундай тақиқ ўтган йили Исроилнинг Ғазода фаластинликларга нисбатан шафқатсиз босқини бошлаганидан кейин эълон қилинган.

Эрон ва Исроил зиддиятининг кескинлашуви

1 апрель куни Исроил Дамашқдаги Эрон консуллиги биносига ҳаво ҳужуми уюштирди. Ҳужум оқибатида Эрон инқилоби қўриқчилари корпусининг 7 нафар аъзоси ҳалок бўлди, улардан икки нафари генерал даражасида эди.

Эрон Исроилнинг консулликка ҳужуми ўз ҳудудига қилинган ҳужум эканини ва у ўч олишини айтди.

Исроил ҳам Эрон ҳужумларига жавоб беришини эълон қилди.

14 апрелга ўтар кечаси Эрон Исроилга юзлаб камикадзе дронлари, баллистик ва қанотли ракеталар билан ҳужум уюштирди ва баъзи ҳарбий нишонларга зарба берилганини айтди.

Исроил ҳужумларнинг аксарияти ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан тўхтатилганини билдирди, бироқ битта ракета мамлакат жанубидаги ҳарбий базага тегди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan