ДУНЁ

Эрон президентининг дафн маросими 23 май куни Машҳад шаҳрида бўлиб ўтади

Авиаҳалокатда ҳалок бўлган Эрон президенти Иброҳим Раисийнинг дафн маросими 23 май куни Эроннинг Машҳад шаҳрида ўтказилади. Бу ҳақда мамлакат вице-президенти Муҳсин Мансурий баёнотига асосланиб, “ТАСС” нашри хабар берди.

Архив фото: “news.myseldon.com”

Эроннинг шимоли-шарқидаги Машҳад шаҳрида дафн маросимига тайёргарлик бошланган. Маросимда кўп сонли оломон тўпланиши инобатга олиниб, хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

“Оятуллоҳ Раисий дафн маросими пайшанба куни кечқурун Имом Ризо мақбарасида бўлиб ўтади”, — дейилган ИРИБ телеканали орқали эълон қилинган хабарда.

Машҳад марҳум Эрон президентининг она шаҳри бўлиб, мамлакат шиаларининг зиёрат марказларидан бири ҳисобланади. Ушбу шаҳарда барча расмий маросимларини бекам-у кўст бажариш учун дафн маросимини ташкил этиш қўмитаси ташкил этилгани хабар қилинган.

Ҳозирда Эроннинг кўплаб шаҳарларида шаҳидлар билан видолашув тадбирлари ўтказилаётгани билдирилган. Иброҳим Раисий жасади Теҳрон бош масжидига олиб кетилган. У билан ҳамроҳ бўлиб ҳалок бўлган олий давлат амалдорлари жасадлари эса Теҳрондан унча узоқ бўлмаган Қум шаҳридаги масжидга юборилгани билдирилган.

  • Маълумот ўрнида, 19 май куни Эроннинг Шарқий Озарбайжон вилоятида ичида Эрон президенти бўлган вертолёт ҳалокатга учради.
  • Вертолёт бортида ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён, Шарқий Озарбайжон вилояти губернатори Оятуллоҳ ал-Ҳошим ва Табриз имоми Муҳаммад Али ал-Ҳошим ҳам бўлган.
  • Эрон Қизил ярим ой жамияти раҳбари Пир Ҳусайн Коливанднинг айтишича, ҳалокатда вертолётнинг барча йўловчилари ва экипажи ҳалок бўлган.
  • Ҳалокат сабабларини ўрганиш учун комиссия тузилган. Биринчи вице-президент Муҳаммад Мохбер Эрон президенти вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.
  • Муддатидан олдин президентлик сайловлари 28 июнга белгиланган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan